Алкоголь ва қайноқ чой қизилўнгач саратонига олиб келади

Алкоголь ва қайноқ чой қизилўнгач саратонига олиб келади

Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш баробарида қайноқ чойни ҳам хуш кўрувчиларда қизилўнгач саратони хавфи юқори экани аниқланди. Тўққиз йил мобайнида 30 ёшдан 79 ёшгача бўлган 500 мингга яқин кишининг саломатлиги ва одатларини кузатган Пекин университетининг олимлар гуруҳи шундай баёнот билдиришди. Тадқиқот натижалари Annals of Internal Medicine журналида чоп этилди.

Маълум бўлишича, чойни қайноқ ҳолда ичишни хуш кўриш билан бирга, спиртли ичимликларни ҳам истеъмол қилувчи кишилар қизилўнгач саратони билан бошқаларга нисбатан беш баравар кўпроқ касалланган. Шу билан бирга, спиртли ичимликларни ичмаган, бироқ сигарета чекувчи ва қайноқ чой ичувчи кишиларда касаллик икки баравар кўпроқ қайд этилган.

Бу ерда гап ичимликнинг ўзида эмас, уни қайноқ ҳолда ичишда: Цельсий бўйича 65 даражадан юқори бўлган ҳар қандай ичимлик инсоннинг ички органларига термик жароҳат етказади, бу эса онкологик касалликларнинг ривожи хавфини оширади. Шифокорлар одамларни қайноқ ичимликларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга чақиришди, бу айниқса спиртли ичимликларни истеъмол қилувчи ва сигарета чекувчи кишиларга тааллуқли.

Статистика ҳам олимлар хулосасини тасдиқлайди: қизилўнгач саратони энг кўп қайд этиладиган мамлакат - Хитой. Зеро бу мамлакатда чой ичиш маданияти кенг тарқалган ва шу билан бир қаторда бу ерда сигарета чекувчи ва спиртли ичимликларни ичувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Россия, Туркия ва Жанубий Америка ҳам худди шу сабабларга кўра хавф ҳудудлари сифатида қайд этилган. Британияликлар чойни кўп ичишларига қарамай анча ижобий кўрсаткичларни намойиш этишган, бунга уларнинг чойни совуқ сут билан аралаштириб ичиш одатлари сабаб сифатида келтирилган.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, қизилўнгач саратони профилактикасида энг асосийси – тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмолидан воз кечиш. Тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмолининг ўзидаёқ саратон ривожи хавфи юқори бўлади, бироқ шулар билан бирга, юқори ҳароратли чой истеъмоли ҳам саратон хавфини бир неча бараварга оширади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам яқинда спиртли ичимликлар истеъмоли саратоннинг етти тури (йўғон ва тўғри ичак, кўкрак бези, қизилўнгач, халқум, жигар, оғиз бўшлиғи ва томоқ саратони)ни келтириб чиқаришидан огоҳлантирди.

Чойсеварлар хотиржам бўлишлари мумкин: агар чойни илиқ ёки салқин ҳолда ичилса, аксинча, онкологик касалликлар хавфини пасайтириш мумкин. Тадқиқотларга кўра, ҳар куни кўк чой ичган кишиларда ошқозон саратони 48 фоизга камайган.

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!