Алишер Қодиров ўз сайловолди Дастурини рақиб партия Дастуридан кўчирганликда айбланмоқда

Алишер Қодиров ўз сайловолди Дастурини рақиб партия Дастуридан кўчирганликда айбланмоқда

“Адолат” партияси “Миллий тикланиш” лидери Алишер Қодиров ўзининг сайловолди Дастурида кўчирмакашликка йўл қўйганини айтмоқда.

Қайд этилишича, Қодиров бу борада “Адолат” СДПнинг 2019 йилда тасдиқланган сайловолди дастуридан кўчириб “ўзига “байроқ” қилиб олган”.

Адолат” СДП айбловларини исботлаш учун қуйидаги фактларни келтириб ўтади:

Биринчи раддия Қодировнинг “фаолият кўрсатаётган жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларни бирлаштириш...” ҳақидаги фикрларига нисбатан бўлиб, “Адолат” партиясининг таъкидича, бу партиянинг 2019 йилги сайловолди дастури “Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз” бобида ёзилган. Ва партия илгари сурган мазкур ғоя амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирда вилоятлар миқёсида ҳар тўрттала судлар бирлаштирилган, айни пайтда, судларни туманлар кесимида бирлаштириш жараёни кетмоқда.

Иккинчи раддия “жазони ижро этиш муаассалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади” деган фикрга нисбатан билдирилади.

Унга кўра, ушбу масала ҳам “Адолат” СДПнинг 2019 йил сайловолди дастурида устувор вазифалардан бири сифатида тилга олинган ва “бу борада “МТ”дан кўмак олиш ниятида эмас”.

Учинчи раддия “Миллий тикланиш” лидерининг “мустақил тергов қўмитаси ташкил этилади” деган ташаббусига нисбатан берилмоқда.

“Адолат” СДПга кўра, бу масала ҳам партиянинг амалдаги сайловолди дастурида “Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз” бобида “...дастлабки тергов устида назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз” деб ёзиб қўйилган.

“Адолат” СДП эса бу ташаббусни “Миллий тикланиш”га ҳадя қилган ёки бу борада қатъий позициясидан чекинган эмас.

“Адолат” партияси ўз навбатида Қодировни номзод сифатида сайловолди Дастури лойиҳасини ишлаб чиқаётганда, қайси партиядан номзоди қўйилаётганлигини инобатга олмаганликда ва ушбу партиянинг сайловолди дастуридаги устувор вазифаларни илгари сурмаганликда айблайди.

Шунингдек, “Миллий тикланиш” лидерига бир неча саволлар билан юзланади.

“Миллий тикланиш” ДП “Адолат” СДПга кўмаклашиб, “Адолат” СДПнинг устувор вазифаларини амалга оширишга ёрдамлашмоқчими? Партияда “ғоявий бўшлиқ” пайдо бўлдими? Эҳтимол сайловга янгича ғоялар билан кирамиз деган умиддадир, аммо бу “Адолат” СДПнинг ғояларини очиқдан-очиқ ўғирласа бўлаверади, дегани эмас-ку. Бизга дўстона мурожаат қилишса, бир дунё “теша тегмаган” ғояларимиз бор, бажонидил, ўртоқлашамиз”, – дея кинояли саволларни қўяди “Адолат” СДП.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!