Алименти бор одам ишга олинмайдими?

Алименти бор одам ишга олинмайдими?

— 3 йилда бери қурилишда ишлайман. Лекин ҳалигача расман ишга олинмаганман. Бухгалтер «Алиментингиз бор экан», деди. Алимент тўлаётганларни расман ишга олмаслик тўғрими?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди судьяси Жасур Сирожев жавоб берди:
— Меҳнат кодексининг 80-моддасига асосан, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни:
— паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса, — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;
— меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;
— ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;
— қонунчиликка мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.

Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонунчиликда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Агар ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати ҳақиқий бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 78-моддасига асосан, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмайди.

Қуйидагилар ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланади:
— ушбу Кодекс 6-моддасининг биринчи қисми талабларининг бузилиши;
— иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахсларни ишга қабул қилмаслик;
— иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахсларни (белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни; ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни — тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб) ишга қабул қилмаслик;
— муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик;
— қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар.

Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, ходимнинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб, уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт. Бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим. Асослантирилган жавоб бериш ҳақидаги талабларни қондиришни рад этиш ходимнинг ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан шикоят қилишига тўсиқ бўлмайди.

Юқоридагиларга кўра, сиз томонингиздан келтирилган савол бўйича алиментдан қарздорлиги мавжудлиги туфайли ишга қабул қилинмаслик, амалдаги қонунчиликка зид эканлиги маълум қилинади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!