Алифбодаги ҳарфларни ўзгартиравериш йирик маънавий ва молиявий йўқотишларни келтириб чиқаради

Алифбодаги ҳарфларни ўзгартиравериш йирик маънавий ва молиявий йўқотишларни келтириб чиқаради

Алифбо, биринчи галда, қулайлиги билан эмас, балки у ёки бу тилдаги ҳар бир товушни ифодалаш имконияти билан қадрли. Шу маънода, ҳозир биз мактабларда, ўқувчи-ёшлар ва педагоглар учун мўлжалланган нашрларимизда қўллаётган алифбомиз ўзбек тилининг барча талабларига жавоб бера олади. Фақат унда кичик бир жузъий камчилик бор. У ҳам бўлса, янги алифбомизда сирғалувчи “ж” товушини ифодалайдиган алоҳида ҳарф мавжуд эмаслигидир. Ушбу муаммони ҳам осонгина ҳал қилиш мумкин. Агар бу товуш ҳозирча алифбомизда ўз ўрнини тополмай турган “с” ҳарфи билан ифодаланса, олам гулистон бўларди-қўярди.

Яна бир томонини айтиш керакки, амалдаги лотин ёзувимиз АКТ технологиялари билан олий даражада уйғунлаштирилган. Компьютер ва бошқа коммуникация воситаларида ўзбекча ёзиш учун ҳеч қанақа қўшимча дастурлаш ёки қайта мослаштиришга эҳтиёж йўқ. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов айтганидек: “Стандарт инглизча клавиатура бор. Мана шу клавиатура доирасида ишлаш керак”. Бу борада вазирга эътироз билдириш ўринсиз. Чунки янги алифбомиздаги қулайликлар кичик жузъий камчиликлар олдида беқиёс устунликларга эга. Қолаверса, янги ёзувимиз бутун дунё миқёсида аллақачон тарқалиб улгурди. Ишонмасангиз, исталган компьютер, планшет ёки уяли телефон аппаратларининг ўзбек тилида ишлайдиган версиясига кириб кўринг.

Янги алифбо ислоҳотчиларининг таклифлари асосида иш тутиб, айрим ҳарфларга “дум” ва “шох” қўядиган бўлсак, худди илгари ҳар бир ёзув машинкасига қўшимча ҳарфлар ясашга тўғри келган ҳолатдагидек аҳволга тушиб қолишимиз тайин. Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳар гал алифбони ёки алифбодаги ҳарфларни ўзгартиравериш йирик маънавий ва молиявий йўқотишларни келтириб чиқаради.

Конференция иштирокчиларининг лотин алифбосидаги ёзувни тезроқ тўлиқ жорий этиш ҳақидаги таклифларига эса мен ҳам қўшиламан. Бу борадаги сусткашлик келажакда янги-янги муаммоларни пайдо қилиши мумкин.

Менга қолса, болаларимиз дунё ўзбеклари қўллаётган ҳар учала ёзув:  лотин, крилл ва араб алифболарини ҳам бирдек яхши билишлари тарафдориман.

Ўзбек тилининг чинакам Давлат тилига айланиши йўлидаги яна бир жиддий муаммо саводхонлик масаласидир. Китоблар, даврий нашрлар, кўча ва майдонлардаги битикларни кўриб, кулишингни ҳам ачинишингни ҳам билмай қоласан киши.

Ҳаваскор журналистларимиз томонидан “ошкора” сўзининг “ошкорасизлик” деган янги антоними яратилди. Биз эса “ошкора” сўзининг зид маънолиси “пинҳона” деб юргандик. Ёки бўлмаса, “қўшимча қиймат” сўз бирикмасининг “қўшилган қиймат”га айланиб қолганига нима дейсиз?

Умуман, тил меъёрларини назорат қиладиган бирор мутасадди ижтимоий институтимиз борми? Керак-кераксиз жойларга рус ва бошқа тиллардаги ёзувларнинг тиқиштирилаётгани ҳақида-ку гапиравериб чарчадик. Имло хатолари тўғрисида гап очилса, кишининг кўнгли беҳузур бўлади.

Яқинда 8-синфлар учун мўлжалланган “Она тили”(!) дарслиги ичига ёпиштирилган “Дарсликдаги хатоларни тузатиш варағи”га кўзим тушиб қолди. Унда китобдаги нотўғри ёзилган сўзларга изоҳ берилибди. Яхшиям буни кимдир сезиб, тузатишга ҳаракат қилибди. Кеч бўлса-да, хатолар тузатилибди. Бироқ тузатилмаган хатолар қанчалигини ҳеч ким билмайди.

Manba: zarnews. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!