Алексей Цой: "Пандемияга қарши Ўзбекистон тажрибаси ўрганишга арзийди"

Алексей Цой: "Пандемияга қарши Ўзбекистон тажрибаси ўрганишга арзийди"

Юртимизга ташриф буюрган Қозоғистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Эрали Тугжанов бошчилигидаги делегация  аъзолари мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишишда давом этмоқда.

Делегация аъзолари Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бўлиб, коронавирусни даволаш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси билан танишишди.

Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектар майдондаги 2 та комплексни ўз ичига олади. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган. Муассаса 4 минг ўринга мўлжалланган. 

Реанимация бўлимларида ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.

Лабораторияда вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган. Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90 та намунани аниқлаш имкониятига эга. Экспресс-тест усулида қондаги антитаначаларни 10 дақиқада аниқлаш имкони яратилган. 

Шунингдек, қабул-диагностика бўлимида  мультиспирал компьютер ва магнит резонанс томография, рақамли рентген ҳамда замонавий ультратовуш диагностикасини бир вақтнинг ўзида бажариш мумкин.

— Ўзбекистоннинг қисқа фурсатларда шундай улкан мажмуанинг барпо этгани мамлакатнинг салоҳиятидан дарак беради, албатта, — деди Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой. — Пандемияга қарши Ўзбекистон тажрибаси ўрганишга арзийди. Айниқса, давлатларимиз орасида бу борадаги ҳамкорлик кўпроқ самара беради, деб ўйлаймиз. Чунки бир минтақада яшаётган, иқлим шароитлари, яшаш тарзи бир-бирига яқин бўлган аҳоли орасида вируснинг тарқалиш табиати ҳам бир-бирига яқин бўлиши кузатилади. 

Шунингдек, Қозоғистон делегацияси Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига ташрифдан сўнг мамлакатимиз  фармацевтика корхоналари фаолияти билан ҳам танишди. 

Делегация сафари давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!