«Ал-Азҳар» университетига ўқишга кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларидан Дин ишлари бўйича қўмитанинг тавсияси талаб этилади

«Ал-Азҳар» университетига ўқишга кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларидан Дин ишлари бўйича қўмитанинг тавсияси талаб этилади

Мисрнинг «Ал-Азҳар» таълим мажмуаси билан эришилган келишувга мувофиқ 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу таълим мажмуасининг барча муассасаларига қабул қилиш фақатгина Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизматига таяниб "Дарё" хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ал-Азҳар» мажмуасида таълим олиш юзасидан мурожаатлар Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида ўқишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 августдаги 651-сон қарори билан Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича Маслаҳат кенгаши томонидан кўриб чиқилади ҳамда қўмита тавсияси асосида амалга оширилади.

«Ал-Азҳар» таълим мажмуасида ўқиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари томонидан Маслаҳат кенгашига қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиши лозим:

  • ариза (намуна бўйича)
  • фуқаролик паспорти ёки (ИД) карта нусхаси;
  • умумий ўрта таълим (11-синф негизида шаҳодатнома, аттестат), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ёки олий таълим муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжат;
  • фуқаронинг шахсий маълумотномаси (намуна бўйича намуна тўлдириш шакли) ва таржимаи ҳоли (эркин шаклда).

Маълумот учун, мурожаатлар Маслаҳат кенгаши Ишчи гуруҳи томонидан 16—30 июль кунлари (кейинги йилдан 1—30 июль кунлари) кўриб чиқилади ҳамда Ишчи гуруҳи билан ўтказилган суҳбат натижасига кўра «Ал-Азҳар» таълим мажмуасида ўқишга тавсия этилган фуқаролар рўйхати тавсия хати асосида «Ал-Азҳар» мажмуаси институтлари департаменти администрациясининг электрон манзилига юборилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!