Актёрлар пахта теримида: ким энг кўп пахта терди?

Актёрлар пахта теримида: ким энг кўп пахта терди?

Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари 17-20 сентябрь кунлари пахта теримчиларига кўмаклашиш мақсадида Фарғона вилояти Фарғона тумани Чимён қишлоғида бўлишди. Эрта тонгни хуш кайфият билан қарши олган жамоа илк ишни зиёрат қилишдан бошлади. Улар Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдо қадамжосига ташриф буюришди. Меҳмонларга аждодимиз томонидан амалга оширилган эзгу ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ҳувайдо - XVIII аср тасаввуф адабиёти ва фалсафасининг йирик намояндаси. У илоҳиёт илмининг чуқур билимдони, йирик мутасаввиф шоир сифатида миллий маданиятимиз тарихида алоҳида ўрин тутади. Ҳувайдо тахминан 1704 йили Чимён қишлоғида туғилган. 1781 йилда вафот этган. Мазкур мадраса вилоят раҳбарлигида халқ ҳашари йўли билан бунёд этилган. Театр жамоаси ушбу зиёратгоҳдан бир олам маълумотлар билан пахта даласига йўл олишди. Ниҳоят улар манзилга етиб боришди. Оппоқ далалар, кўзни қувонтирувчи лўппи-лўппи чаноқлар кишини пахта теришга ундайди. Театр аҳли илҳом олами вакиллари эмасми, дарров ишга шўнғиб кетишди. Этакларни боғлаб теримга киришишди. Бу ёқдаги бошқа теримчилар бир томондан ҳайрон бўлса, бошқа тарафдан хурсандчиликдан кўзлари қувнаб турибди. Жамоада энг фаоли эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Мухторова бўлди. У ҳатто якунда биринчиликни қўлга киритиб, тарозининг ёнида терган пахтаси учун пул ҳам олди. Театрчиларга ҳамроҳ бўлган туман ҳокими ҳам “оқ олтин“ терди.

Ўз навбатида ижодкорлар фуқароларга яратилган шароит, имкониятлар билан ҳам яқиндан танишишди. Бинобарин, содда ва самимий инсонларнинг кўзларидаги розилик кайфияти уларни ҳам шод этди.

Театр жамоаси тушликни теримчилар билан бирга қилишди. Хусусан, ҳокимнинг ўзи театр директори Фатхулла Масъудовга шўрвадан солиб берди.

– Оҳ, анчадан бери бунақанги маззали дала овқатини емагандим, ошпазимизга раҳмат – деди Фатхулла ака.

Овқатланишдан сўнг концерт дастури ҳавола этилди. Теримчиларнинг бари рақсга тушиб, мароқли дам олишди. Бир соат давом этган концерт томошадан бир олам таассуротлар олган пахтакорлар раҳмат айтиб яна далага қайтишди.

Ижодкорлар кечки пайт Қирғизистон билан чегарадош ҳудуд Лоғон, Хуршиди Тобон, Вазиё, Гулпиён, Машъал қишлоқларида бўлишди. Беш қишлоқни бирлаштириб турувчи Маданият уйида Эркин Хушвақтов асари асосида Марат Азимов режиссёрлигида саҳналаштирилган “Қирмизи олма” спектакли намойиш этилди. Йиғилганларнинг кулгусидан шуни билдикки, саҳна асари уларга манзур бўлди.

Пахтакор томошабинлар ушбу ижодий учрашувдан боши кўкка етганини айтишар экан, Фарғонанинг чекка бир ҳудудида яшовчи халқнинг ҳолидан хабар олиш, қувонч улашиш савобли иш эканлигини таъкидлашди ва театрчиларга миннатдорчилик билдирди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!