“Ажрашсам, мол-мулкда қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?”

“Ажрашсам, мол-мулкда қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?”

— Баъзи сабабларга кўра эрим билан ажрашмоқчиман. Ҳозир яшаб турган уйимизни қайнотам ўғлига ҳадя қилган. Эримни номида фақат икки хонали квартира ва машина бор. Айтишича, фақат машина ва квартирадан улуш олишим мумкин экан, ҳовли эса ҳадя бўлгани учун мутлақо унга тегишли эмиш. Ажрашсам, мол-мулкда қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?

Исми сир тутилди

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси Зульфия БЕРДИМУРАТОВА жавоб беради:


— Амалдаги қонунчиликка кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишуви нотариал тартибда тасдиқланиши мумкин. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.
Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Мазкур кодекснинг 25-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.
Юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, никоҳ давомида эрингизга отаси томонидан ҳадя қилинган мол-мулкдан улуш олиш ҳуқуқига эга эмаслигингиз тушунтирилади.
Шунингдек, сиз эрингиз билан никоҳ давомида орттирган, яъни сотиб олган ҳар қандай мол-мулклардан, уй-жой ёки автомашиналардан улуш олиш ҳуқуқига эгасиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!