«Агар фалон ишни қилсам, кофир бўлай» дея қасам ичиш ҳукмини биласизми?

«Агар фалон ишни қилсам, кофир бўлай» дея қасам ичиш ҳукмини биласизми?

Бир кимса "Фалон ишни қилсам, кофир бўлай" дея қасам ичса, унинг ҳукми не бўлиши ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. 

Баъзи уламолар бундайин қасам ичиш лағв-бекорчи сўз бўлиб, уни айтиш сабабли қасам юзага келмайди ва бунга ҳеч бир нарса лозим ҳам бўлмайди деб айтишган.

Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар агар фалон ишни қилсам, Аллоҳга кофир бўлайин, ёки мушрик бўлайин, ёки насроний, ёки бўлмасам яҳудий бўлайин дея қасам ичса ва сўнгра ўша ишни қилиб қўйса, унга каффорат лозим бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида ихтилоф қилишган.

Имом Молик ва имом Шофеъий раҳимаҳумаллоҳ "Бу кимсага каффорат лозим бўлмайди ва бу сўз  қасам ҳам эмас" деб айтишган.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса "Бу сўз қасам бўлиб, агар бу каби  қасамни бузиб қўйса, унга каффорат лозим бўлади" деб айтган. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай деган.

Мужтаҳид имомларнинг ихтилофи  ҳурмати бор ҳар бир нарса ила қасам ичиш жоизми ёки қасам фақатгина Аллоҳ исми билан  бўладими деган мавзуда бўлган”. 

"Бидоятул-мужтаҳид ва ниҳоятал-муқтасид". 1/410.

"Мудаввана"да келтирилади: Абдураҳмон ибн Қосимдан "Агар фалон фалон ишларни қилсам, Аллоҳга кофир бўлай дея айтса, имом Молик қавлига кўра бу сўзи қасам бўладими?” деб сўралди.

Шунда ибн Қосим “Имом Молик бу қасам бўлмайди ва то қалбида шу гапига тасдиқ бўлмагунича кофир бўлмайди. Аммо қандай ҳам ёмон иш қилибди деб айтган” дея жавоб берди.

Шайх Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ "Манҳажут-туллоб шарҳи"да бундай деган: "Бир кимса фалон ишни қилсам, яҳудий бўлайин деса ёки шу каби сўз айтса, мен Исломдан, Аллоҳдан, У Зотнинг Расулидан безорман деб айтса ва бу сўзидан разил феълидан нафсини узоқ қилишни қасд этса, бу қасам бўлмайди. Бу сўзи ила кофир ҳам бўлмайди. 

Бу инсон "Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ" деб айтсин ва тавба-истиғфор қилсин.

Агар ушбу айтганига ўзи рози бўлиб қилса, шубҳасиз ўша заҳоти кофир бўлади".

Имом Ҳайтамий "Туҳфатул-муҳтож"да ва имом Шавконий "Найлул автор"да шу каби айтишган.

Аммо бу кимса қилган ишидан астойдил надомат этса ва чин дилдан тавба қилса унинг тавбаси қабул бўлишидан умид қилинади. 

«Куфр келтирганларга айт, агар тўхтасалар, ўтган нарсалар мағфират қилинур ва агар қайтадиган бўлсалар, бас, батаҳқиқ, аввалгиларнинг суннати ўтган» (Анфол сураси, 38-оят).

ХУЛОСА

Мусулмон кимса учун куфрга кетиши ёниб турган оловга тушганидан-да қўрқинчлироқ ва даҳшатлироқдир. Зотан, иймоннинг зидди куфр бўлиб, куфрнинг жойи абадий дўзахдир.

Айтаётган сўзларимизга ўта эҳтиёт бўлишимиз, имкон қадар қасамлардан тийилишимиз лозим.

Мабодо бирон бир сабаб туфайли қасам лозим бўлиб қолса ҳам куфр ва ширк билан қасам ичмаслик лозим. 

Эътибор қилсак, юқорида биз қавлларини келтирган уламоларимиз баёнига кўра, бир кимса фалон ишни қилсам кофир, мушрик, яҳудий, насроний бўлайин деса ва агар ростдан шуни қасди ила қилса кофир бўлар экан.

Аммо агар бирон ёмон  ишдан ўзини тийиш учун айтиб, сўнгра ўша ишни қилиб қўйса, қасамхўр бўлар ва каффорат тўлар экан.

Аллоҳ таоло истиқомати шариатда рост қилсин.

Тавфиқ Аллоҳдандир.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!