Афсуски, у яна жиноятга қўл урди

Афсуски, у яна жиноятга қўл урди

Кимнидир алдаб пулини олишни режа қилаётган кимса ёлғоннинг умри қисқа, қилмишига яраша жазо муқаррарлигини билармикан?

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Қаҳрамон маҳалласида яшовчи, муқаддам судланган Гули Шодиева (исм-фамилия ўзгартирилган) аввалги қилмишидан етарли хулоса чиқармаган экан. Бундай дейилишига сабаб, у яна жиноятга қўл урди.

Илгари газ таъминоти корхонасида назоратчи бўлиб ишлаган бу аёл собиқ вазифасидан қинғир ниятда фойдаланди. Бунда унга айрим фуқароларнинг коммунал тўловлардан қарзини қинғир йўллар билан яширишга уринишлари қўл келди. Сохта назоратчи “табиий газдан қарзи йўқ” мазмунидаги маълумотнома тайёрлаб бериш учун туманнинг Қўшкўприк маҳалласида яшовчи Х.С. дан 3 миллион 900 минг сўм, Мўлканлик маҳалласида яшовчи С.Ҳ. дан 1 миллион 440 минг сўм пул олади.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ кунга ҳам бормайди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот-мультимедиа гуруҳи хабарига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Энди Гули Шодиева қонун олдида қилмишига яраша жавоб беради. Унинг алдовига учганлар табиий газдан бўлган қарзларига жарима ҳам қўшиб тўлишларига тўғри келади.

“Қарс икки қўлдан чиқади”, деб шу каби ҳолатларга айтилса керак. Жамиятимизда жиноятга, порахўрликка қарши курашилаётган, коммунал тўловлар билан боғлиқ масалалар тартибга солинган бир пайтда айримларнинг мана шундай ишларга бош қўшаётгани ачинарлидир.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!