Адолат халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этади

Адолат халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этади

Қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришда судларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Суд Ўзбекистон давлати номидан қарор қабул қилади. Шундай экан судья судьялик мақомига мос киши бўлиб шаклланиши учун янада батафсилроқ, қонунларда ёзилмаган, аммо амал қилиши лозим бўлган инсонийлик фазилатларга ҳам қатъий риоя этиши зарур.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан, Республика Олий Мажлиси Сенати раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Бош вазир ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирокида 2020 йил 30 июнь куни “Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар” юзасидан ўтказилган видеоселекторда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қанча масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Президентимиз ҳар гал суд тизими, унинг мустақиллигини амалда таъминлаш ҳақида гапирганида адолат тушунчаси, унинг халқимиз ҳаётида нақадар муҳим аҳамият касб этишини батафсил тушунтиради. Бунинг сабаби – ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ, эркин фуқаролик жамияти шароитида адолатни қарор топтириш суд ҳокимияти орқали амалга оширилади.

Шу билан биргаликда ҳар чоракда суд раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари орқали одил судлов фаолияти юзасидан ахборот беришларини йўлга қўйиш, судьялар Олий мактабида судьялар ва суд ходимларини сиртқи, кечки, масофавий ўқувларини ташкил этиш, гендер тенгликни таъминлаш мақсадида суд корпусида аёл кадрларни янада кўпайтириш, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида видеоконференцалоқа тизимини жорий қилиш, суд мажлисларида аудиоёзишни жорий этиш давр талаби эканлиги таъкидланди.

“Суд биносига келган ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда адолат борлигига ишонч ҳосил қилиши керак”лиги мунтазам уқтириб келинаётганига қарамасдан судларда ишлар узоқ муддат кўрилаётгани юзасидан келиб тушаётган мурожаатларнинг сони камаймаётгани судларда ишларни турли инстанцияларда қайта-қайта кўриш амалиётига чек қўйишни тақозо этаётгани учун “Бир суд, бир инстанция” тизимини жорий этиб, ишларни назорат тартибида кўриш амалиётини тугатиш тавсия этилди.

Албатта, биз буни амалда таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ битта адолатсиз ҳолатга йўл қўйилса ҳам, бу бутун суд тизимга соя солади.

Бунинг учун биз янада кўпроқ меҳнат қилиб, Президентимиз ўртага ташлаган, соҳани халқчил қилишга қаратилган таклифларни амалга ошириш, фақат адолат билан иш кўришга ҳаракат қиламиз.

Зеро, судья қандай масалани ҳал қилишидан қатъи назар ҳалоллик, холислик ва қонун устуворлигини таъминлашда адолатли бўлишни ўзига шиор қилиб олиши лозим. Бунинг учун ўз касбининг билимдони, ҳаётий тажрибага эга бўлган, ҳар томонлама етук, савияси баланд ва ҳуқуқий маданиятли шахс бўлиши, судни одилона ўтказиши керак.

 

Бахриддин Икрамов,

жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Яшнобод туман суди судьяси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!