Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирди
Адлия вазирлиги дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказилишида интеллектуал мулк ҳуқуқларига қатъий риоя этилиши юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2023 йилда 21 та ҳолатда, 2024 йилнинг ўтган даврида 16 та ҳолатда дори воситалари интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатига олингани аниқланди.
Жумладан, истеъмолчиларга яхши таниш бўлган "MAGNE B6", "IMUDON", "SMEKTA", "DUSPATALIN", "ELEVIT" каби товар белгилари остида ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг контрафакт нусхалари "Magne B6", "Nest Imudon", "Smecta", "Grand Imudon", "MER DUSPATANIM", "ELEMALVIT" кўринишида турли фармацевтика корхоналари номига интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигига огоҳнома киритилиб, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатдан ўтказилишида қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишини олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш лозимлиги, бундай ҳолатлар такроран содир этилганда қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, "Дори воситалари ва фармасевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунга асосан дори воситаларини, тиббий буюмларни ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади ҳамда қалбакилаштирилган ва Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини ишлаб чиқариш тақиқланади, дейилади хабарда.