Абу Дабида кичик Ўзбекистон очилди

Абу Дабида кичик Ўзбекистон очилди

Абу Даби амирлигининг Ал Ватба ҳудудида 18 ноябрь куни бошланган “Шайх Зоид” фестивали доирасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги кўмагида “Ўзбекистон” павильонининг очилиш маросими бўлиб ўтди ва унда давлат рамзи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, “Шайх Зоид” маданий мерос анъанавий фестивали тўртинчи марта ташкил этилмоқда, 2022 йил 18 ноябрдан 2023 йил 18 мартга қадар давом этади. Тадбир доирасида “Хуш келибсиз!” номи остида дронлар ва лазер чироқлари ҳамда Амирлик фавворалари шоулари, мушакбозлик, ҳарбий мерос мусиқаси, мерос мусобақалари ва қизиқарли спорт тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Фестиваль учун ташкил этилган шаҳарчада 20 дан ортиқ иштирокчи мамлакат павильонлари, янги қўшилган Санъат шаҳарчаси, “Selfie street” майдони, Саҳро музейи, болалар майдончалари, гуллар шаҳарчаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари павильонлари ташкил этилди.

“Ўзбекистон” павильони анъанавий равишда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ташкил этилиб, Амирликлар томони билан ҳамкорликда мусиқий жамоалар, ҳунармандлар ҳамда ошпазлар иштироки кўзда тутилиб, Ўзбекистоннинг салоҳияти кенг тарғиб қилинади.

Фестиваль давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг БААдаги дипломатик ваколатхоналарининг ватандошларга йўлланган табриклари, ўзбек миллий куйлари, санъаткорлар чиқишлари, ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ташкил этилди ва Давлат байроғимиз ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган видеоролик шаҳарчанинг марказий майдонидаги экранларда намойиш этилди. Ўзбекистон павильони томонидан Давлат байроғи куни муносабати билан тадбир иштирокчилари учун байрам дастурхони ташкил этилди.

Қатардаги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон туризм салоҳияини тарғиб қилиш учун автотранспортда йўлга чиққан таниқли блогерлар жамоаси (А.Сапарбаева – littos/3,3 млн. кузатувчи, И.Икромов – autotuning_uz/1,3 млн. кузатувчи, О.Жўраев – iwash_tashkent/530 минг кузатувчи) Давлат байроғини нишонлаш тадбирига таклиф этилиб, тадбир жараёнлари ижтимоий тармоқларда ёритилди, марказий телевидениеларда ёритиш учун материаллар жамланди.

Тадбир сўнгида БААдаги ватандошлар, санъаткорлар гуруҳи ва блогерлар жамоаси билан биргаликда фестиваль асосий майдони бўйлаб Ўзбекистон байроғи остида парад уюштирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!