Абитуриентлардан йиғиладиган пуллар нимага сарфланади?

Абитуриентлардан йиғиладиган пуллар нимага сарфланади?

23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ги қарор лойиҳаси бўйича Давлат тест маркази ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида матбуот анжумани ўтказилди.

Қарор лойиҳасида ўтган йил ва ундан олдинги даврда ўқишни тугатган абитуриентлар тест синовларида иштирок этиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида тўловни амалга ошириш тартиби таклиф этилмоқда.

Маълумот учун, 2018-2019 йил Олий таълим муассасаларининг 82 900 нафар ўринга жами 679 979 нафар абитуриент ҳужжат топширганди. 597 079 абитуриент эса кириш имтиҳонларидан ўта олмаган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи 202 730 сўм ҳисобланади. Бу ҳолатда Олий таълим муассасасига иккинчи ёки бошқа уринишда ҳужжат топшираётган абитуриентлардан жами 121 млрд. сўм (14 млн. 240 минг АҚШ доллари) тўлов ундирилиши мумкин. Абитуриентларнинг умумий контингенти эса 1 млн. 300 минг нафарни ташкил этади. Улардан 80 мингдан зиёд абитуриент талаба бўлган ҳолда ҳам бу рақамларнинг сезиларли равишда ўсиши демакдир умумий контингентдаги ўқишга кира олмаган абитуриентлардан жами 247,3 млрд. сўм (29 млн. АҚШ доллари) йиғиб олиниши мумкин бўлади.

Лойиҳада кириш имтиҳони жараёнидан тушган маблағлар биноларнинг ижара тўловига, катта қувватли кондиционерлар, шахсни аниқлаш ва кузатиш камераси, ота-оналар учун мониторлар билан жиҳозлашга ҳамда абитуриентларни ичимлик суви ва ручка билан таъминлашга йўналтирилиши тўғрисида сўз боради.

Kun.uz мухбири Давлат тест маркази директори Мажид Каримовга таклифнинг шаффофлиги, очиқ смета тўғрисида савол берди.

Давлат тест маркази директори бу ҳолатга шундай изоҳ берди:

Кўп йиллар давомида бюджетдан ташқари маблағлар ва ҳомийлар ҳисобидан моддий-техник база мустаҳкамлаб келинган.

Абитуриентлардан йиғиб олинадиган тўловларнинг назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлиги томонидан назорат қилинади. Йиғимларнинг нимага йўналтирилиши Давлат тест маркази сайтида эълон қилиб борилади.

2018-2019 ўқув йилида шартнома асосида ўқишга кирган талабаларнинг тўловларидан 1,5-2 фоизини олишга эришдик. Бу маблағлар билан ҳам жараёнлар сарфини қоплай олмадик.

Ўтган йили ахборот-коммуникация воситалари ва уларни ўрнатиш учун ўтган йили 12 млрд. сўм сарфланган. Алоқа линиялари бўйича тўловлар ҳам қимматга тушади. Прогнозларимизга кўра маблағларнинг 80 фоизи айнан АКТ воситалари ва кузатув камераларига сарфланади .

Матбуот анжуманида тўловлар йиғими тажрибаси Туркия, Япония ва Корея Республикаси тажрибасидан олингани айтилди. Тўловлар йиғими 2019-2020 йилларда Олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёнида ҳам синаб кўрилади.

Лойиҳада Олий таълим муассасаси кириш имтиҳонидан биринчи йил ўта олмаган абитуриентларга амал қилиш муддати уч йил бўлган сертификат берилиши мўлжалланмоқда. Ушбу муддат давомида сертификат билан Олий таълим кириш имтиҳонларида иштирок этишлари мумкин бўлади.

Узоқ жойлар, чекка туман ва қишлоқлардаги абитуриентлар кириш имтиҳонларига ҳужжатларини ўз ҳудудидаги Давлат хизматлари маркази орқали топшириши мумкин бўлади. Ҳужжат топшириш учун эса Давлат хизматлари марказига тўлов тўланади. Тўлов миқдори 10 минг сўмдан 20 минг сўмгача бўлиши режалаштирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!