Абдуҳакимов Ўзбекистонда «Туризм-365» телеканалини очиш таклифини билдирди

Абдуҳакимов Ўзбекистонда «Туризм-365» телеканалини очиш таклифини билдирди

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида республика гидлар гуруҳи вакиллари билан учрашиб, уларни 21 февраль – Бутунжаҳон экскурсиячилар куни билан табриклади.

 Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда туризм соҳаси ривожланишида экскурсиячи гидларнинг ўрни ниҳоятда катта эканлигини таъкидлаб, уларнинг машаққатли меҳнати ва соҳа ривожига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди. Шу ўринда Бош вазир ўринбосари қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги гидлар сонини ошириш кераклиги ҳақида сўзлади.

Азиз Абдуҳакимов дарҳақиқат саёҳат маданиятини кишиларга болаликдан шакллантириш зарурлигини таъкидлаб, шу йўналишда дастур тузиш ва унга кўра, ёш сайёҳларга мўлжалланган кўрсатувларни ташкил қилиш, махсус видеокурсларни тасвирга олиб тарқатиш чоралари кўрилишини айтди.

“Эҳтимол, Туризм-365 телеканалини очиш вақти келгандир, зеро ички туризм бугунги кунда талаб даражасида ўрганилмаган”, - қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.

Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан экскурсиячи гидлар билан мулоқотга киришиб, оператив маълумот алмашиш имконини берувчи янги лойиҳа устидаги ишлар тугагани, бу келгусида сайёҳлик соҳаси билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беришини маълум қилди:

“Гидлардан илтимосимиз – сайёҳ билан ҳаракатланаётиб қаердадир камчилик ё муаммо кўрдингизми, дарҳол ушбу платформа орқали бизга матн, фото ёки аудио шаклида йўлланг. Сир эмаски, ҳудудларда кафе ва ресторанлар, санитария-гигиена шохобчалари ва инфратузилма билан боғлиқ муаммолар талайгина. Бундан ташқари, туристик хизмат кўрсатувчиларнинг муомаласи кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин. Бундай камчиликлардан тезкор хабардор қилсангиз, биз тегишли давлат идоралари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрамиз. Шу тариқа мавжуд муаммоларни биргаликда бартараф этамиз”.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!