8 ёшида Қуръони Каримни ёд олган Убай...

8 ёшида Қуръони Каримни ёд олган Убай...

Қуръони каримни энг чиройли қироат қиладиган саҳобалардан бири ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Умматнинг энг яхши қориси деган эътирофларига сазовор бўлган Убай ибн Каъб ҳақида манбаларда ўқигандим. Саййидул қурро, яъни қорилар етакчиси номи билан ҳам чақирилган Убай ибн Каъб ширали овозга эга бўлиб, Қуръон қироатини шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган. Умар розияллоҳу анҳу эса Убай ибн Каъбни Мусулмонлар саййиди деб номлаган.

Шу кунларда икки ютуғи бири математика бўйича Халқаро олимпиададаги ғалабаси ва 8 ёшида Қуръони Каримни ёд олгани билан одамлар тилига тушган болакайнинг исми ҳам Убай. Убай қори Яҳёев 2005 йил 27 августда Андижон шаҳрида қорилар оиласида туғилган. Ҳозирда хусусий мактабларнинг бирида таълим олмоқда. Суҳбатимиз давомида унга бу исмни отаси Ҳусайн қори Яҳёев айнан Убай ибн Каъбга ҳавас қилиб қўйгани маълум бўлди.

Убай қори Қуръони Каримни ёд олишни 5 ёшидан бошлаган. Бунда унинг отаси, амакиси бош бўлган. 8 ёшга тўлганида у ҳофизи Каломуллоҳ бўлди, яъни Аллоҳнинг каломини тўлиқ ёд олди. Ҳозирда агар ундан Қуръони Каримнинг қайси оятларини айтиб беришини сўраcангиз, барчасини хатосиз, қироат билан ёддан ўқиб беради. Шу билан бирга бу оятлар Каломуллоҳнинг қайси сураси ва нечанчи пораси таркибига киришини ҳам бир зумда айтиб беради.

Убайнинг яна бир ютуғи

Убай 11 ёшида Болгарияда бўлиб ўтган Чегарасиз математика-2017 математика бўйича халқаро олимпиадада мактабдошлари билан бирга иштирок этди. 11 мамлакатдан келган 1200 нафар кучли математик орасида ўз ёш босқичи бўйича бронза ва олтин медалларига сазовор бўлди.
Биз қаҳрамонимиздан қизиқишлари ҳақида сўрадик.

Чет тилларини ўрганишга қизиқаман, - дейди у. Рус, инглиз тилларини ўрганяпман, ҳозирда француз тилини ҳам ўрганишни бошладим. Яна спортнинг футбол, шахмат турларига ҳам қизиқаман. Бўш вақтимда шуғулланиб тураман. Мактабда шахмат мусобақаларида ҳам қатнашганман.

Болалигидан қори бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак?
Ушбу савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бу ҳақда Убай қорининг амакиси Ҳасанхон қори Яҳёев шундай дейди:

Буюк мутафаккир Абу Али Ибн Сино ўзининг Сиёсат номли китобида Болага тили равон бўлиши билан Қуръон ўқитилади , деган гапи бор. Демак, Қуръонни ёд олишни бошлашдан аввал боланинг тили тўлиқ чиқиши керак. Агар 3 ёшида равон гапирмаса, логопедга олиб бориш, шуғулланиш даркор. Чунки боланинг тили равон бўлиши Қуръон ўқишда муҳим аҳамиятга эга. Баъзан тили чучук ёки дудуқ бўлган болалар Қуръон ўқигандан сўнг тўлиқ тузалиб кетган ҳолатлар ҳам учрайди. Буни тажрибада кузатганмиз.

Қуръонни ёдлаш аввал кичик-кичик суралардан бошланади. Аниқроғи, 30 порадан пастдан юқорига қараб чиқиб келинади. Сураларни оят-оят қилиб ўргатилгани маъқул. Сура тугагач, уни бутун қилиб бошидан охирига такрорлатилади ва сурани тўла адашмай ўқийдиган бўлгунича машқ қилинади. Шундан кейин навбатдаги сурага ўтилади. Шу тарзда ярим ёки бир порадан ёддан ўқитилади. 4,5-5 ёшдан кейин бола ҳарф таний бошлайди. Унга Муаллими Соний (яъни Иккинчи муаллим ) китоби асосида араб ҳарфлари ўргатилади. Бола ҳарфларни таниб олгач, бунга қадар ёд олган суралари хатдан қайта ўқитилади. Шунда ёдлаган сураси билан хатдаги (ёзмасини) солиштириб боради ва бу боланинг саводи равон чиқишига жудда катта туртки бўлади.

Ёдлатиш жараёнида турли ўйинлар билан, яъни болани ўйнатиб, ҳаракатлар билан ёдлашига эътибор бериш керак. Сураларни ёдлашни кундалик вазифа тарзида бериш ва бажарган бажармаганини назорат қилиб бориш, рағбатлантириб бориш ҳам жуда муҳим. Масалан, мана бу сурани ёдласанг, ширинлик олиб бераман ёки яхши кўрган ўйинчоғингни олиб бераман , деб рағбатлантириш мумкин. Бунда боланинг қизиқиши янада кучаяди. Шунингдек, болалар ўртасида рақобат бўлса ҳам яхши натижа беради. Шеригига қараб ёдлашга иштиёқи ортиб боради.

Шу ўринда кўпчилик берадиган саволга тўхталмоқчиман, яъни ёш бола кўп ўқиса чарчаб қолмайдими? Бу табиий ва тўғри савол. Бунинг жавоби шуки, юқорида айтилганидек, болага ўқишни ўйин каби завқли машғулотга айлантириш керак. Бунинг учун болага вазифларни енгил-енгил бериш, ёдламоқчи бўлган оятларини жиҳозлар орқали эшиттириш, доскага ёзиб бериш орқали ёдлатиш, маълум марраларда саёҳат, совғалар уюштириш, ибратли ҳикоялар айтиб бериш, ўртоқлари билан рақобатлашишини таъминлаш каби ишларни амалга оширилади.

Халқимизда Қуш уясида кўрганини қилади , деган гап бор. Ота-оналар, умуман, уйнинг катталари фарзандлар кўз ўнгида албатта, китоб ўқишлари, Қуръонни ёддан билмасалар-да, ҳеч бўлмаса китобни очиб ўтиришлари керак бўлади. Бола бошқаларнинг ҳам китоб ўқиётганини кўради ва ўзи ҳам шунга интилади.

Фарзанди олим, қори бўлиши истаган одам уларни аввало ҳалол луқма билан боқишга эътибор беришлари керак.

Суҳбатимиз сўнгида Убайдан келажакда ким бўлмоқчилигини сўрадик. Бунгача саволларимизга тортинчоқлик билан жавоб қайтарган болакай энди кўзлари порлаб: Математик олим бўлмоқчиман , деди. Биз Убайга ниятларига етишини тилаб қоламиз.

Manba: azon. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!