68 минг сўмлик жиноят бухоролик эркакларга қимматга тушди

68 минг сўмлик жиноят бухоролик эркакларга қимматга тушди

Бухоро туманилик С.Субҳонов ва Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Ғ.Ғафуровлар жисмонан соғлом, аммо маънан сўқир кимсалар сирасига киради. Уларнинг иккаласи ҳам ҳаётнинг паст-баландини англаган, оқ-қорани яхши танийдиган, бири қирқни қоралаган, иккинчиси салкам олтмиш ёшдан ошган, кўринишидан туппа-тузук, оилали, икки-учтадан фарзандли кишилар. Бу иккала ҳамтовоқнинг мақсадлари бир хил. Улар жон койитмай, текин бойликка эга бўлиш пайида.

Бундай қўштирноқ ичидаги эзгу ният ни дилига жо айлаган икки ошна ўзаро тил бириктириб, ўлжа излашади. Ниҳоят уларнинг тийрак нигоҳида Бухоро шаҳар Т.Фароғий кўчасидаги катта йўл ёқасида жойлашган полиз экинлари сотишга мўлжалланган, атрофи очиқ ҳолатдаги савдо жойида катта ҳажмдаги қўзғалмас музлаткич тургани намоён бўлади. Ушбу музлатгичнинг ташқи томонида бири пасти ва тепасида ўрнатилган БК русумли кондиционернинг мотори ва бошқа эҳтиёт қисмида ўрнатилган БК русумли кондиционернинг уланган жойини синдириб олиб, ярим ҳолатдаги кондиционер ва унинг эҳтиёт қисмларини ўғирлашади.

Ўлжа ни Т.Фароғий кўчасида жойлашган рангли металлар қабул қилиш пунктигача тортиб олиб боришади. У ерда ишловчи А. исмли кишига буюмни кўрсатиб, сотмоқчи эканликларини айтишади. А. уни қаердан олганликларини сўраганда, унга: Қўшнимиз кондиционер устаси, кераксизлиги учун чиқариб ташлаган экан , деган важ кщрсатилади.

А. бу буюмни рангли металл сифатида 20 минг сўмга сотиб олишини, ҳозир пули бўлмаганлиги сабабли эртага беришини билдиради. Хуллас, эртаси кун ўғрилар кондиционернинг қолган қисмини ҳам А.га 48 минг сўмга, жами 68 минг сўмга пуллашади. Текин даромадни эса ўз эҳтиёжлари учун ишлатишади ҳамда ошхонада овқатланиб, ароқхўрлик қилишади.

Ниҳоят, уларнинг кирдикорлари билан Бухоро шаҳар ИИБ шуғулланади. Ўғрилар ўмарган матоҳ фуқаро Ф.Ё.га тегишли эканлиги маьлум бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судланувчи С.Субхонов ва Ғ.Ғафуровларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан қонуний жазога ҳукм этди.

Б.Ж.Тошев, Жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар суди судьяси

Низомжон Исломов, журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!