61-халқаро гуллар фестивали: 300 турдаги гуллар намойиши, 250 нафар маҳаллий ва 22 та хорижий давлатнинг моҳир гулчилари

61-халқаро гуллар фестивали: 300 турдаги гуллар намойиши, 250 нафар маҳаллий ва 22 та хорижий давлатнинг моҳир гулчилари

Сўнгги йилларда республикада гулчиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг 4 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида “Гул етиштирувчилар уюшмаси” ташкил этилди.

Ушбу ислоҳотлар натижасида 22 май куни Наманган шаҳрида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган 61-халқаро гуллар фестивалига старт берилади. Шу вақтгача ушбу фестиваль етти кун давом этган бўлса, бу галгиси ўн беш кун мобайнида ўтказилиши кутилмоқда.

Мазкур халқаро фестивалда юртимиз вилоятларидан келган 250 нафар уста гулчилар ҳамда 22 та хорижий давлатдан ташриф буюрган моҳир гулчи мутахассислар, икебана санъати вакиллари, ландшафт дизайнерлари гулчилик борасидаги маҳоратини намойиш этади.

Халқаро гуллар фестивалига тайёргарлик кўриш доирасида Наманган шаҳридаги 16 гектарлик Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғда 8 гектар майдонга гул экилди. Йигирма кун давомида жами 1500 нафар ҳашарчилар меҳнат қилди. Улар 30 турдаги 16 миллион гулларни экиб чиқишди. Хабар берилишича, фестивалда 300 турдаги гуллар намойиши кутилмоқда. Бу галги байрам тантаналари якунида фестивалда корхона-ташкилотлар ва гулчилар 12 та номинация бўйича тақдирланади.

Таъкидлаш жоиз, ЎзР Президентининг юқоридаги қарорига кўра, гулчиликка ихтисослашган туманларда тажриба тариқасида гулчилик соҳасида тажрибага эга бўлган тадбиркорлар томонидан гулчилик кластерлари яратилмоқда.

Шунингдек, гулчилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субектларининг ўз фаолиятларини кенгайтиришлари учун 0,06 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга деҳқон хўжалигини юритиш мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш ишлари йўлга қўйилди. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил этиш, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетида Туркия Республикасининг Испарта амалий фанлар университети билан ҳамкорликда Манзарали боғдорчилик ва гулчилик соҳасида кадрлар тайёрлашни қўшма таълим дастурлари асосида йўлга қўйиш ишлари режалаштирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!