4та жиддий хато: Тошкентни нега чанг босгани айтилди

4та жиддий хато: Тошкентни нега чанг босгани айтилди

Экофаол Наталия Шулипина Тошкент шаҳрида чанг-ғубор ҳодисалари ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.

Шаҳарда вентиляция йўқ

Бунинг сабаби шундаки, шаҳарда вентиляция йўқ. Илгари шаҳарда ҳаво оқимларининг ҳаракатланиши, шаҳар ҳавосида тўпланган ифлос моддаларини ташқарига чиқиб кетиши, чанг кўтарилиши олди олиш чоралари кўзда тутилиб шаҳар режаси ишлаб чиқилган эди. Ҳаёт омилларини ҳисобга олмаган ҳолда палапартиш ва чексизликка қараб интилаётган қурилиш объектларида эндиликдаги бош режада бу каби омилларни инобатга олиш йўқ. Биргина шаҳарсозликнинг палапартиш ташкил этилаётгани асосий муаммо эмас. Транспорт воситаларидан чиқаётган ифлос моддалар, дарахтлар кесилиши, сув ҳавзаларининг йўқ қилинаётгани ҳам ҳудуд учун алоҳида хусусиятга эга микроиқлим ҳосил бўлишига ва бу омил келаётган хавфни кучайтириб беришга ўз ҳиссасини қўшади.

Яшил белбоғ йўқ

Чанг-бўронлари олдин республикамизнинг чўл ва чала чўл ҳудудларида тез-тез кўтарилган. Буни инкор этиб бўлмайди. Тупроқ қатлами ўсимлик билан зич қопланмаганми, демак, шамолда қум, чанг заррачалари ҳавога кўтарилиши ва чанг бўрон ҳодисасини вужудга келтириши табиий. Аммо, олдинлари янги ерлар ўзлаштирилганда, яратилган пахтазор ва ўзлаштирилган ерлар атрофига қалин тутзор, шамол кучини пасайтирувчи, шамолга чидамли дарахтлар экилиб, ихоталанган. "Бухоро белбоғи" номи билан машҳур атамани эслаб ўтишни ўзи кифоя. Бу каби ишлар ўша пайтда илмий асосланган сиёсат маҳсули эди.

Ҳозир ундай эмас, янги ўзлаштирилган ерлар атрофи дарахтлар билан деярли ихоталанмайди. Кўпчилик фермерлар аграном эмас, улар табиатга эмас, ерларга қизиқади, ҳар бир ердан унумли фойдаланишга максимал ҳаракат қилади. Яшил камарлар ташкил этилмайди, буни хаёлига хам келтиришмайди, шамоллар эса ҳувуллаб у ёқдан бу ёққа айланиб, хохлаган ишини қилиб юраверади.

Ўтган асрнинг 50 йиллари қозоқ ерлари мустаҳкам ўсимлик қопламига эга ландшафтли замин эди. Уларда ҳам ерларни ўзлаштириш бошланиб кетди. Чордара сув омбори қурилиши ортидан, минг минглаб гектар ерлар ҳайдалди. Охирги йиллар Қозоғистон жанубида иқлим ўзгариши, ўзгариш фонида ҳароратнинг исиши ва қурғоқчилик омили тупроқ дегредациясини кучайтириб юборди. Эндиликда, ҳаттоки, куз-қиш ойларида кутилажак шамоллардан Тошкент вилояти атроф ҳудудларида чанг бўронлар кўтарилиши хавфи пайдо бўлиб қолди.

Ҳозирги вазият ва мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, дарахтзорлар ташкил этиш шу муаммони ечишдаги оптимал вариантдир. Аммо, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик омилининг хавфлилашиб бориш кутилмалари инобатга олинса, келгусида уларни суғориш масаласи ҳам маҳаллий ҳокимятлар олдида асосий бош қотирма бўлади.

Сув захиралари камаймоқда

Шунинг учун суғоришнинг бошқа йўлларини излаган ва уни амалда қўллаган маъқул. Масалан, республиканинг йил давомида 180-300 мм оралиқда ёғин ёғадиган адир, тоғ олди ва айрим текислик минтақаларида мулча, бепоён чўл ва чалачўл минтақаларида экилган кўчатларга эса гидрогел ўғитини қўллаш усули ўз самарасини бериши мумкин. Мулча усули ёрдамида боғ яратишда суғориш талаб этилмайди. Тупроқ намини пленка ёрдамида ушлаб қолиш эвазига яшиллиликни барпо этиш мумкин. Гидрогел ўғитлари эса қиш-бахор ойларида ёғган ёғин ҳисобига, чўл ва чала чўлларда тупроқ намини узоқроқ ушлаб туриш хусусиятига эга. Бу суғориш усуллари бўйича илмий сферада олимларимиз узоқ йиллик илмий ва амалий тадқиқот ишларини олиб борган.

Игнабаргли дарахтлар экишни камайтириш керак

Албатта, жойларда экилаётган кўчатлар турини ҳам жойнинг географик шароитидан келиб чиқиб танлаш керак. Игнабаргли дарахтлар экишни камайтириш керак. Чўл ва чала чўл ҳудудларида маҳаллий саксовул, юлғун каби бута ва ярим бута ўсимликлари экилиши мақсадга мувофиқ. Иқлимнинг келгусида исиши инобатга олиниб, кенг баргли дарахтларга урғу бериш, кенг баргли дарахтларни танлашда аллергияни келтириб чиқармайдиган турлар танлаб олиниши лозим.

Масалан, Инновация вазирлиги пойтахт кўчаларига 26 турдаги аллергияни кам қўзғатадиган кенг баргли дарахтларни экишни тавсия қиляпти.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!