420 йил аввал гулханда ёқилган олим. Жордано Брунонинг қайси гаплари черковга ёқмаган?

420 йил аввал гулханда ёқилган олим. Жордано Брунонинг қайси гаплари черковга ёқмаган?

Жордано Бруно – италиялик роҳиб, пантеист файласуф ва шоир, кўплаб рисолалар муаллифидир. Уйғониш даврининг буюк мутафаккири католик черкови томонидан шубҳали деб ҳисобланган қўлланмаларни ўқишга қизиқади ва Биби Марямнинг мукаммаллиги ҳамда Уч Худо ҳақидаги таълимотни шубҳа остига олади. Натижада бидъатда айбланади ва орденини тарк этиб, Европанинг бошқа мамлакатларига кетишга мажбур бўлади. Швейсария, Франция, Англия ва Германияда яшайди.

Италияга қайтганида Венецияда ҳибсга олиниб, Римдаги инквизитсия судига топширилади. У ўз таълимотидан воз кечмайди, етти йиллик қамоқдан сўнг, 1660-йилда бидъатчи сифатида гулханда ёқилди. Орадан бир неча аср ўтиб, 1889-йилда Римда, Бруно қатл қилинган жойда унга ҳайкал ўрнатилди. Мутафаккирга қарши кўплаб айбловлардан бири – Брунонинг коинот чексизлиги ва кўплаб оламлар мавжудлиги ҳақидаги таълимотидир. Арасту ва унинг схоластик таълимотининг танқидчиси бўлган олим Элей мактаби, янги платоник ғоялар ва қисман Эпикур ғоялари таъсирида эди. Бруно комедиялар ва достонлар ҳам ёзган.

Унинг дунёқараши пантеистикдир: Худо ва коинот битта нарсадир; коинот фазо ва вақт жиҳатдан чексиздир; у мукаммалдир, чунки Худо унда яшайди. Ҳар бир нарсанинг содда, ажралмас элементлари монадалардир; улар пайдо бўлмайди, йўқолмайди, фақат бирлашади ва ажралади; булар метафизик бирликлар бўлиб, психик ва шу билан бирга моддий нуқталардир. Руҳ – ўзгача монада; Худо монадаларнинг монадасидир.

Шунингдек, Бруно юлдузлар – олисдаги қуёшлар экани, Қуёш тизимида ўша давр учун номаълум бўлган коинот жисмлари борлиги, Коинотда Қуёшимизга ўхшаш сон-саноқсиз жисмлар мавжудлигини айтганди.

Бугун учун оддий ҳақиқат бўлган нарсалар тўрт аср олдин олам аҳлига ёт тушунчалар эди ва шу сабаб Бруно унга сиғмади. Қуйида мутафаккирнинг машҳур иқтибослари билан танишамиз:

Одатда тушунчаси етишмаган одамлар кўпроқ нарсани биламан, деб ўйлайди. Умуман ақли йўқлар эса, ҳамма нарсани биламан, деб ўйлайди.

Жонли ақлнинг хусусияти шундаки, у озгина кўрса ва эшитса етади – кейинчалик бу ҳақида фикрлаш ва тушуниш учун.

Муҳаббат – ҳамма нарса, у ҳамма нарсага таъсир қилади, у ҳақида ҳамма нарса дейиш мумкин, уни ҳар қандай тавсифлаш мумкин.

Муҳаббатнинг энг яқин дугонаси рашк бўлиб, энг катта душмани ҳам рашкдир: темирга унинг ўзидан яралган зангдан-да душманроқ нарса йўқ.

Меҳнат билан енгиб бўлмайдиган нарса йўқ.

Ҳақиқат ҳақиқатга зид бўлмайди.

Мени гапларим билан дунёнинг бошини оёғидан қилмоқчилигимни айтишади. Шундоғам тескари қилинган дунёни тескари қилиш яхшимасми, ахир?

Томчи тошни куч билан вайрон қилмайди, мунтазам томиш орқали синдиради, одам ҳам куч билан доно бўлиб қолмайди, қайта-қайта ўқиш билан доно бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!