4 та ҳудудда ер майдонларини сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

4 та ҳудудда ер майдонларини сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Денов туман бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “О.Д.” фермер хўжалиги бош ҳисобчиси У.С. хўжаликнинг туман ҳокимлиги захирасига олинган 2 гектар ер майдонини фуқаро Ш.га фирибгарлик йўли билан 10 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, танишлари орқали ер майдони ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига олдиндан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тупроққалъа туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.С. бошқа бир фуқаро И.га туман ҳокимлиги захирасидаги 6 сотих ер майдони ўзига тегишли эканлигини айтиб, ушбу ер майдонини уй-жой қуриш учун 8 700 АҚШ долларига сотишга келишиб, уй-жой қурилганидан кейин ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб 8 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш.Ҳ. бошқа бир фуқаро А.га Ромитан туман ҳокимлиги захирасидаги 16 сотих ер майдонини ваколатли танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 7 400 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Ҳазорасп туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар Г.Р. ва С.Б.лар бошқа бир фуқаро М.га турар жой қуриш учун Янгибозор қишлоғи ҳудудидан туман ҳокимлиги захирасидан 4 сотих ер участкасини сотиб олиб бериш эвазига 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!