3 мингдан ортиқ ўқувчилар бепул соғломлаштирилди
Тошкент вилоятида жорий йил ёз мавсумида 34 минг 800 дан зиёд болалар 179 оромгоҳда соғломлаштирилди. Уларнинг қарийб 3 минг 700 нафари бепул ва имтиёзли дам олдирилди.
Мавсумга касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, хўжалик органлари ва ҳомийлар ҳисобидан 6 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан жорий йилги соғломлаштириш якунига бағишлаб ўтказилган анжуманда шу ҳақида маълум қилинди. Жамоат ташкилотлари, ички ишлар, таълим, маданият ва спорт тизимлари масъуллари, ўқитувчи ва мураббийлар, оромгоҳлар раҳбарлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом авлод бўлиб улғайиши йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастурга мувофиқ, 2018 йилда “Гулзор“ янги оромгоҳи қурилди. “Ҳумо“, “Кимёгар“ ва “Меҳржон“ болалар соғломлаштириш оромгоҳлари таъмирдан чиқарилди.
Мавсум мобайнида болаларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, экологик-биологик, ўлкашунослик, техник ижодкорлик, бадиий ижод, ҳарбий-спорт каби 22 та ихтисослашган оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилди.
Мавсумда энг намунали фаолият кўрсатган оромгоҳлар, ходимлар, хўжалик органлари, ҳокимликлар, ҳамкор идора ва ташкилотлар “Энг намунали болалар оромгоҳи” танлови ҳамда “Энг намунали кундузги болалар оромгоҳи”, “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи”, “Энг масъулиятли ташкилотчи” каби 13 номинация бўйича рағбатлантирилди.
Анжуман якунида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.