3 минг долларни "ухлатган" фирибгар қўлга тушди

3 минг долларни "ухлатган" фирибгар қўлга тушди

 

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан хорижга ишга жўнатишни ваъда қилган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. 

Бугунги кунда “ўқишга киритиб қўяман”, “уй олиб бераман”, “ишга жойлаб қўяман”, деб одамларни алдаб, кўпчиликни чув тушираётган фирибгарлар афсуски учраб турибди. Айниқса, кейинги вақтларда фирибгарлик йўли билан бировларнинг мулкини қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб, уларни содир этиш усуллари турлича бўла бошлади. Энг ёмони бундай ишлар хотин-қизлар томонидан ҳам содир этилаётганида. 

...Суднинг қора курсида ўтирган аёл бир неча бор фирибгарлик бўйича судланган бўлса-да, тегишли хулоса чиқармади. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, яна жиноятга қўл урди. Марғилон шаҳридаги “Linex” ўқув марказида корейс тили ўқитувчиси вазифасида ишлаган М.Алимова Т.Абдуллаевни 3 минг АҚШ доллари эвазига тижорат йўналиши бўйича Жанубий Кореяга ишга жўнатишга ёрдам беришини айтиб, ушбу маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Афсуски, жабрланувчи фирибгарга дуч келганини кейин тушуниб етиб, ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилди. М.Алимова ушбу қилмиши билан, яъни такроран фирибгарлик қилиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 168-моддаси 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этди. 

Суд томонидан судланувчи М.Алимовага 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

– Афсуски, кейинги вақтда фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар анча ошган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси Мансуржон Ибрагимов. – Мазкур жиноят ишида ҳам судланувчи М.Алимова фирибгарлик бўйича уч марта судланган бўлса-да, яна хорижга ишга жўнатаман деб, ўзганинг пул маблағларини қўлга киритди. Албатта фуқаролар ана шундай фирибгарлардан огоҳ бўлиши керак. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!