29 июль куни Сайёрамиз тарихидаги энг қисқа кун қайд этилди

29 июль куни Сайёрамиз тарихидаги энг қисқа кун қайд этилди

Ўтган ойнинг охирида мутахассислар сайёрамиз тарихидаги энг қисқа кунни қайд этишди. Маълум бўлишича, 2022 йил 29 июль олимларнинг кузатуви бошлангандан буён тарихдаги энг қисқа кун бўлган.

Бу ҳақда 3 август куни М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети олими Леонид Зотов CBS News нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Шу куни сайёрамиз ўз ўқи атрофида тўлиқ айланиб чиқиши учун ҳар қачонгидан 1,59 миллисония кам сарфлаган.

Умуман, куннинг одатдаги давомийлиги 24 соат ёки 86 400 сонияни ташкил этади. Зотовнинг таъкидлашича, Ер 2016 йилдан тезлаша бошлаган.

Зотовнинг аниқлик киритишича, ҳар куни ҳам қисқа бўлавермайди, бироқ ушбу ҳолат давом этаверса, атом вақтини (Ердаги вақтни ўлчашнинг универсаль усули), эҳтимол ўзгартиришга тўғри келади.

CBS News нашрининг ёзишича, айрим олимлар акс қўшимча сонияларни жорий қилишни таклиф этмоқда. Бироқ ушбу ғояга қаршилар ҳам бор. Уларнинг фикрича, шундай қилиш кенг кўламли техник муаммоларга олиб келиши мумкин.

2021 йил январда Ер 50 йил мобайнида илк бор айланишини тезлаштирди, деб хабар берилган эди. Ўшанда мутахассислар энг қисқа кун 2020 йил 19 июлда кузатилганини аниқлашганди. Шу куни сайёрамизнинг ўз ўқи атрофида айланиши 24 соатдан 1,46 миллисония кам бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!