25 йилдан сўнг яна саҳнага қайтмоқчи бўлган Моҳира Асадова маданият вазири билан учрашди

25 йилдан сўнг яна саҳнага қайтмоқчи бўлган Моҳира Асадова маданият вазири билан учрашди

90-йиллар ўзбек санъатининг ёрқин намоёндаси, ўз даврининг машҳур тароналари ижрочиси Моҳира Aсадова 25 йиллик танаффусдан кейин яна катта саҳналарга қайтиши кутилмоқда. 

Моҳира Aсадова лицензияси бўлишига қарамасдан турли тушунарсиз “қаршиликлар”га учраб келаётганди. Узоқ йиллардан буён жавобсиз саволлар ҳам тўпланиб қолганди. Мана шу масалаларга ойдинлик киритиш ҳамда ижобий ечим топиш мақсадида маданият вазири Озодбек Назарбеков хонанда билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Учрашувда кўплаб республика ва халқаро кўрик-танловлар ғолиби бўлган Моҳира Aсадова ҳозирги кунда давом этаётган пандемия давридан кейин санъат саройларида жонли концерт бериши ҳамда ижод фаолиятини давом эттириши ва уни халққа намойиш этишида ҳеч қандай тўсқинликлар бўлмаслиги айтиб ўтилди.

Моҳира Асадова мақом ва эстрада йўналишида ижод қилиб келади. У 14-15 ёшида катта санъатга қадам қўйган. 20 ёшида, талабалик вақтида Юнус Ражабий номидаги Республика мақом ижрочилари кўрик-танловининг ғолибаси бўлган. "Дуторчилар", "Мақомчилар" ансамблларида фаолият юритган. 

Унинг эстрада жанридаги “Шоҳсанам” (1994 йил), “Муҳаббатни чиқаргандир чидаганга...” (1999 йил) каби  қўшиқлари ўз вақтида оммалашган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!