21 октябрь - Ўзбек тили байрами

21 октябрь - Ўзбек тили байрами

1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан эса 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилинди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 31 йиллиги ҳамда “Ўзбек тили байрами” куни кенг нишонланмоқда. Худди шундай тадбирлар жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судларида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида ташкил этилди.

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судида Зарафшон шахар ва Томди туман жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлари судья ва ходимлари иштирокида ташкил этилган  тадбирда бугунги кунда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, буюк тарихга эга она тилимизга мустақил юртимизнинг давлат тили мақоми берилгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлаётгани ҳамда давлат тилида иш юритиш ва унинг ўзига хос фазилатларини сақлаб қолиш бўйича суд тизимида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ҳуқуқшуноснинг асосий қуролларидан бири тил эканлиги боис, ўзбек тилининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги тутган ўрнини янада чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш соҳа мутахассисларининг эътиборига молик масала ҳисобланади.

Дарҳақиқат, етук судьянинг расмий ҳужжатларни давлат тилида бехато туза олиши, иш жараёнида ўз нуқтаи назарини равон ифодалай билиши адолатни қарор топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Д.Эргашева

Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси

Д.Хонбўтаева

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!