2025 йилда ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундирилмайди
Расмий муносабат
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ижтимоий тармоқларда 2025 йилда мактабларда ўқувчилар учун дарсликлар ижараси бўйича тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
"2025-2027 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия асосида ишлаб чиқилган Бюджетнома лойиҳасида 2025–2026 ўқув йилидан 2-11 синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритилган эди.
Бюджет жараёнларини шакллантиришда вазирлик томонидан иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатлари ва ижтимоий-иқтисодий соҳанинг молиявий мутаносиблигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажаришга устувор йўналиш берилади. Самарадорликни ошириш мақсадида турли йўналишларда таҳлиллар олиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, 2024 йилда мактаб ўқувчилари учун 83,2 миллион нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун Давлат бюджетидан 1,5 триллион сўм ажратилган. Бу маблағлардан 435,5 миллиард сўм (36 фоизи) даврийлиги 1 йил ҳисобланадиган ҳамда ҳар йили янгидан чоп этиладиган машқ дафтарлари учун йўналтирилган.
2025 йилда эса 81 миллион нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари учун 1,3 триллион сўм маблағ тўлиқ Давлат бюджетидан қопланиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги фаол фойдаланувчилар томонидан чоп этилган хабарларда Бюджет лойиҳасида Китоб жамғармаси харажатлари ва даромадлари кўрсатилмагани таъкидланган. Бунинг сабаби Китоб жамғармаси фаолияти тўхтатилган ва янги жамғарма ташкил қилинмагани учун лойиҳада бу бўйича маълумотлар киритилмаган.
2025 йил учун Давлат бюджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради.
Бунда ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган".