2021 йил 4-чорак учун Ўзбекистоннинг энг фаол банклари аниқланди

2021 йил 4-чорак учун Ўзбекистоннинг энг фаол банклари аниқланди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази “Банклар фаоллик рейтинги”ни янгилади. Умумий рейтингда “Капитал банк”, “Ҳамкор банк” ва “Траст банк” энг фаол банклар учлигини бошқаришда давом этаётган бўлса, “Азия Алянс банк”, “Агробанк” ва “Қишлоқ қурилиш банк” рейтингида кўтарилиши қайд этилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан Ўзбекистон банк тизимидаги ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари самарадорлиги, рақобат муҳити ўзгариши ҳамда барқарорлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида “Банклар фаоллик индекси” ишлаб чиқилди. Марказ мазкур индексга асосан ҳар чоракда 31 тижорат банклари рейтингини янгилаб бормоқда.

2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш Стратегиясига асосан, "Ипотека банк", "Ўзсаноатқурилишбанк", "Асака банк", "Алоқа банк", "Қишлоқ қурилиш банк" ва "Турон банк"даги давлат улушини босқичма-босқич хусусийлаштириш режалаштирилган. Биринчи босқичда, банклар фаолиятини трансформация қилиш, иккинчи босқичда давлат акциялар пакетини сотиш кўзда тутилган.

Йирик давлат банклари хусусийлаштирилгандан сўнг, молиявий хизматлар бозорида жиддий ўзгаришлар юз бериши, натижада янги хизматлар ва рақобатнинг янада кучайиши кутилмоқда.

2021 йил 1 декабрь ҳолатига банк тизими активлари ҳажми 427,4 трлн. сўмни (2020 йил 1 декабрга нисбатан номинал ўсиш – 21,9%), мажбуриятлари 360,3 трлн. сўмни (23,2%), жами капитали – 67 трлн. сўмни (15,7%) ташкил этди. Бугунги кунда банк тизимида 56 мингга яқин киши фаолият олиб бормоқда.

Марказ тадқиқотида банклар икки гуруҳга ажратилган – йирик банклар ва кичик банклар. Рейтинг ушбу гуруҳларнинг ҳар бири учун алоҳида тузилган. Бунда, кичик банклар гуруҳига фақат Тошкент шаҳрида ёки фақат айрим (одатда битта) ҳудудларда фаолият олиб бораётган банклар киритилган.

2021 йилнинг 4-чорагидаги йирик банклар фаоллик рейтинги

17 та йирик банклар учун тузилган умумий рейтингда "Азия Алянс банк" 2-поғонага кўтарилиб, 6-ўриндан жой олди. Мазкур банк молиявий воситачилик (2-ўрин), даромад олиш салоҳияти (5-ўрин) ҳамда ликвидлилик (3-ўрин) бўйича яхши натижаларни сақлаб қолмоқда. Шундай бўлсада, рейтинг натижалари "Азия Алянс банк" капитал етарлилик ва активлар сифати кўрсаткичларига эътибор қаратиши лозимлигини кўрсатмоқда.

"Ипак йўли банк" умумий рейтингда 7-ўринга жойлашди. Ушбу банк молиявий оммабоплик (5-ўрин) ва даромад олиш салоҳияти (2-ўрин) бўйича топ-5 банклар қаторига кирди. Банк молиявий воситачилик бўйича рейтинги (15-ўрин) муддатли депозитларнинг кредитларига нисбати, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлар ҳамда Молия вазирлиги олдидаги мажбуриятлари бўйича кўрсаткичларини яхшилаш лозимлигини кўрсатмоқда.

"Алоқа банк" рейтингда 1-поғонага тушиб 8-ўриндан жой олди. Давлат улуши мавжуд банклар орасида Алоқа банк энг натижаларни намоён этмоқда. Хусусан, мазкур банк молиявий воситачилик 4-ўринни сақлаб қолди. Шунингдек, банк активлари сифати (6-ўрин) ва молиявий оммабоплик (7-ўрин) бўйича ҳам етакчи банклардан ҳисобланади. Банкнинг капитал етарлилиги бўйича кўрсаткичлари жами регулятив капиталнинг (1-даражали капиталнинг) хатарли активларга нисбатига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

2021 йил 4-чорак учун Ўзбекистоннинг энг фаол банклари аниқланди

"Агробанк" умумий рейтингда 10-ўринга (1-поғонага) кўтарилди. Банкнинг молиявий воситачилик (2-поғонага кўтарилиш), бошқарув самарадорлиги (2-поғонага) ҳамда ликвидлилик (2-поғонага) бўйича ижобий ўзгаришлар кузатилди. Шунингдек, молиявий оммабоплик ва капитал етарлилиги бўйича рейтингда топ-5 банклар қаторига кирди. Шунга қарамасдан банкнинг бошқарув самарадорлиги (14-ўрин) ва даромад олиш салоҳияти (15-ўрин) бўйича кўрсаткичлари бошқа банкларга нисбатан паст даражада қолмоқда.

Умумий рейтингда энг юқори кўтарилиш "Қишлоқ қурилиш банк" рейтингида (11-ўрин) кузатилди. Ушбу банк томонидан берилган кредит портфеллари сонининг сезиларли даражада ошиши, шунингдек ликвидлилик бўйича кўрсаткичларининг яхшиланиши банкнинг бир йўла 5-поғонага кўтарилишини таъминлади. Шундай бўлсада, банкнинг даромад олиш салоҳияти бўйича рейтингги (16-ўрин) банк томонидан соф фоизли даромадларнинг активларга ва фоизли харажатларга нисбати ҳамда фоизсиз даромадларнинг жами даромадлар таркибидаги улушига эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

"Ўзсаноатқурилиш банк" 3-чоракдаги натижаларини сақлаб қолган бўлишига қарамасдан, "Агро банк" ва "Қишлоқ қурилиш банк" томонидан эришилган юқори натижалар мазкур банкнинг умумий рейтингда 13-ўринга тушишига сабаб бўлди.

2021 йилнинг 4-чорагидаги кичик банклар фаоллик рейтинги

2021 йил 4-чорак учун Ўзбекистоннинг энг фаол банклари аниқланди

Жорий йилнинг 4-чорагида Ўзбекистондаги 14 та кичик банклари фаоллик рейтингида "Даврбанк" ва "Зираат банк" ўз ўрнини сақлаб қолган бўлса, "Универсал банк" ўз ўрнини "Анор банк"га бўшатиб беришга мажбур бўлди.

"ТБС банк" умумий рейтингда 2-поғонага кўтарилиб, 6-ўриндан жой олди. Бунга асосан банкнинг молиявий воситачилик бўйича кўрсаткичларининг сезиларли даражада яхшилангани туртки бўлди.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Марказ сектор мудири

Тел: (78) 150 02 02 (410)

Марказнинг жамоатчилик билан ишлаш хизмати тел: (78) 150 02 02 (417)


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!