2020−2024 йилларда Ўзбекистон олтин захиралари 474 тоннага ортиши мумкин

2020−2024 йилларда Ўзбекистон олтин захиралари 474 тоннага ортиши мумкин

Яқин беш йилда олтин захираларининг ўсиши 474 тоннани (18,75 миллиард долларга тенг) ташкил этиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган геология соҳасини ривожлантириш концепцияси лойиҳасида шу ҳақда сўз боради, деб ёзади Газета.uz .

Геологик ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа 2020 2024 йилларга мўлжалланган.

Маҳкама ҳисоб-китобларига кўра, геологик разведка ишларига ажратилган маблағларнинг 45 фоизи олтин қидириш, баҳолаш ва разведкага йўналтирилади. Жумладан, бунга 230 миллион долларга яқин инвестиция жалб этилиши белгиланган.

Асосий ишларни Навоий вилоятида Марказий Қизилқумда, шунингдек, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида олиб бориш режалаштирилган. Концепцияда қайд этилишича, геологик разведка ишлари харажатлари бир грамм олтин учун 0,48 долларни (маҳсулот қийматининг 1,23 фоизи) ташкил этади. Бу ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада оз демакдир.

Геология қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йил 1 январда Ўзбекистонда олтин захиралари 5,99 минг тоннани, 2017 йил якунлари бўйича қазиб олинган олтин миқдори 89,9 тоннани ташкил этган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев февралда ҳукуматга мамлакатда олтин қазиб олиш ва сотиш бўйича маълумотларни эълон қилишни топширди. Бундан ташқари, республикада халқаро стандартлар бўйича геологик захираларни баҳолаш учун чет эллик мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. 2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати прогноз захиралари 151 тонна олтин ва 1,2 минг тонна кумушни ташкил этувчи 31 та истиқболли майдонча ва 12 та кон рўйхатини эълон қилди.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!