2019 йил: Миллиардерлар сони рекорд даражага етди

2019 йил: Миллиардерлар сони рекорд даражага етди

Дунёда миллиардерлар сони ва уларнинг умумий бойлиги 2019 йилда рекорд даражага етди. Таҳлилчилар пандемия шароитида автомобил, аэрокосмик, мудофаа соҳаларида миллиардерлар сони камайиши ва аксинча, соғлиқни сақлаш ва суғурталаш соҳаларида уларнинг сони ошиши мумкинлигини айтишмоқда.  

2019 йил охирида дунё бўйича 2825 миллиардер бўлган. Бу эса 2018 йилга нисбатан 8,5 фоизга ёки 221 кишига кўпроқни ташкил қилган. Бундай маълумотлар Wealth-X таҳлилий компанияси олиб борган тадқиқотда келтирилган

Компания эълон қилган миллиардерлар рўйхатига кўра, дунёнинг энг бой одамларининг умумий бойлиги йил давомида 10,3 фоизга ўсиб, 9,4 трлн долларга етган. 2018 йилда эса, аксинча, миллиардерлар сони 5,4 фоизга, уларнинг умумий бойлиги эса 7 фоизга камайган.

2019 йилда миллиардер сони бўйича аввалги йиллардаги каби АҚШ (788 киши) ва Хитой (342) етакчи бўлган. Шимолий Америкада ҳаммаси бўлиб 834 миллиардер (2018 йилга нисбатан 11 фоиз кўпроқ), Осиёда эса 758 миллиардер (2018 йилга нисбатан 12 фоиз кўпроқ) борлиги қайд қилинган.

Энг кўп миллиардерлар яшовчи давлатлар қаторидан, шунингдек, Ҳонгконг, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Франция, Италия, Бразилия, БАА, Канада ва Сингапур ҳам ўрин олган.

Шаҳарлар бўйича қараладиган бўлса, миллиардерларнинг кўплиги бўйича Нью-Йорк етакчилик қилмоқда. Бу ерда 113 миллиардер яшамоқда. 2-ўринни 96 миллиардер билан Ҳонгконг ва 3-ўринни 77 миллиардер билан Сан-Франциско эгаллаган.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!