2018 йилнинг 7 ойида хорижга ишлашга кетган ўзбекистонликлар сони маълум бўлди

2018 йилнинг 7 ойида хорижга ишлашга кетган ўзбекистонликлар сони маълум бўлди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигидан маълум қилишича, 2018 йилнинг 7 ойи давомида 1 366 фуқаро Корея Республикасига, 561 фуқаро Россия Федерациясига, 277 фуқаро Туркия Республикасига ва 5 фуқаро Польша давлатига қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаш учун юборилган, деб ёзади ЎзА.

Шунингдек, 18 минг 25 фуқарога агентлик, унинг ҳудудий филиаллари, ҳамда меҳнат органлари томонидан маслаҳат бериш, рўйхатга олиш ҳамда имтиёзли чипталар берилиши орқали Россияда меҳнат фаолиятини бошлашга кўмаклашилди.

Корея Республикасига ишга кетган фуқароларнинг шартнома муддати 4 йилу 10 ойгача бўлган муддатни, Россия ва Польша давлатларига кетган фуқароларнинг шартнома муддати 1 йилгача бўлган муддатни, Туркияга кетган фуқароларнинг шартнома муддати мавсумий ҳисобланиб, меҳмонхона хизматида 7 ойдан 1 йилгача бўлган муддатни ташкил этади.

Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга чиқадиган фуқароларга бир қатор имтиёзлар ва имкониятлар яратилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Агентлик филиаллари ҳузурида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ишга чиқаётган фуқароларга темир йўл ва авиачипталарни 20 фоизлик чегирма асосида сотишга ихтисослаштирилган махсус кассалар (14 та) ташкил этилди ва жорий йилнинг 2 апрелидан тўлиқ ишга туширилиб, чипталар сотуви йўлга қўйилди.

Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ишга чиқаётган фуқароларни рўйхатга олиш маълумотлар базасининг электрон дастурий таъминоти ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.

АТ «Алоқабанк» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳамда АТ «Алоқабанк» ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ўртасида темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун 300 минг сўмгача миқдордаги тўловни амалга ошириш бўйича икки томонлама келишув ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!