20 ёшли Раҳима нега университетдан ҳайдалди?

20 ёшли Раҳима нега университетдан ҳайдалди?

Раҳима Актер Бангладешнинг Кокс-Базар шаҳридаги хусусий университетда ўқиш учун роҳинжа миллатига мансуб эканини яширишига тўғри келди, аммо унинг олий маълумотли бўлиш орзуси барибир амалга ошмай қолди – шу ой бошида университет маъмурияти Актерни ўқишдан ҳайдади.

20 ёшли Актер Кутупалонг қочқинлар лагерида ўқиш истагида бўлган роҳинжалар курашининг тимсолига айланди: Бангладеш ҳукумати роҳинжаларнинг маҳаллий мактаб ёки коллежларида таълим олишига рухсат бермайди.

Ўтган йили у Associated Press тайёрлаган видеолавҳада кўриниш бериб, роҳинжа бўлиш қандай экани ва инсон ҳуқуқларини ўрганиш орзуси ҳақида гапирган эди. Бу видео бир йил ўтиб эълон қилинди, шундан сўнг ҳуқуқшунослик йўналишида таълим олаётган Раҳима Кокс-Базар халқаро университети талабалари сафидан четлаштирилди.

«Ўша видео талабаларнинг телефонларида пайдо бўлганда ҳамма мендан «Сен роҳинжамисан?» деб сўрай бошлади. Баъзилари ҳатто очиқдан-очиқ ўқишдан ҳайдалишим кераклигини айтишди, – дейди Раҳима Актер «Ал-Жазира»га берган интервюсида. – Университетдан ҳайдалмаслик учун кимлигимни беркитар эдим. Ўзимни айбдор ҳис қилардим, аммо бошқа иложим йўқ эди. Наҳотки, таълим олиш жиноят бўлса? Бу инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири. Бунга аминман. Роҳинжа эканлигим учун айбдор эмасман».

У Кокс-Базаридаги холасининг уйида яшириниб юрибди ва ўз хавфсизлигидан хавотирда.

Раҳима 12 ёшга тўлганида отаси мактабга боришини тақиқлади ва уни турмушга узатмоқчи бўлди. Узоқ уринишлар ва илтижолардан кейингина отаси унга ўқишини давом эттиришга рухсат берди.

У Бангладешда туғилиб ўсган. Ота-онаси 1992 йилда Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтганлар сафида бўлган.

Роҳинжа болаларига фақат қочоқлар лагерларидаги норасмий бошланғич мактабларда ўқишга рухсат берилган. Баъзи роҳинжа оилалари фарзандларининг Бангладешдаги таълим муассасаларида ўқишлари учун сохта ҳужжатлар тайёрлашга мажбур бўлмоқда. Бу ҳолат кескинликларга сабаб бўлмаётганди, аммо жорий йилнинг январидан бошлаб Бангладеш ҳукумати роҳинжа талабаларини таъқиб қилишни бошлади.

Бангладеш ҳукумати роҳинжа қочқинларини шартли равишда икки гуруҳга ажратади: «рўйхатга олинган» қочқинлар ва 2017 йил августида мамлакат ҳудудига келиб жойлашган «Мьянмадан мажбурий равишда кўчирилганлар».

2017 йил августида Мьянма ҳарбийлари қонли тазйиқлар бошлагандан сўнг 700 мингдан ортиқ роҳинжа ўз ерларини ташлаб қочишга мажбур бўлганди.

«Халқаро қонунчиликка кўра, Бангладеш ҳуқуқий мақомидан қатъи назар, ўз ҳудудидаги барча болаларга таълим олиш ҳуқуқини бериш мажбуриятини олади», – дейди Human Rights Watch ташкилотининг болалар ҳуқуқлари бўйича директори Билл Ванс Эсвелд.

«Ал-Жазира» Даккадаги ҳукумат мулозимларига тегишли масала юзасидан мурожаат қилди, аммо жавоб ололмади.

Қочқинларни ҳимоя қилиш ва ватанига қайтариш бўйича комиссар Маҳбуб Алам Талукдар эса вазият бўйича изоҳ беришдан бош тортди. «Мен сизларга ҳеч нарса деёлмайман, чунки бундай ваколатга эга эмасман. Биз ҳозирда вазиятни кузатмоқдамиз», – деди у.

Ушбу воқеалар Бангладешда роҳинжа қочқинлари борасида ишончсизлик кучайганидан кейин юзага келган. Тахминан 1,2 миллион роҳинжа Мьянма билан чегарадош Кокс-Базардаги гавжум лагерларда истиқомат қилмоқда, уларнинг маҳаллий аҳоли билан чекланган ресурслар ва имкониятлар учун рақобатлашишига тўғри келяпти.

Бангладеш ва Мьянма ҳукуматларининг роҳинжаларни ватанига қайтаришга бўлган уринишлари самара берганича йўқ.

Яқинда Бангладеш ҳукумати хавфсизликни рўкач қилган ҳолда қочқинлар лагерларида мобил телефон хизматларидан фойдаланишни ҳам тўхтатиб қўйди.

Бундан ташқари, роҳинжаларнинг Мьянмадан чиқиб кетганининг икки йиллиги муносабати билан 25 августда уюштирилган катта норозилик намойиши Бангладеш ҳукуматини ғазаблантирди.

«Бангладешда роҳинжаларга нисбатан муносабат кескин ўзгариб кетди, тўғри, роҳинжалар душман сифатида кўрилмаяпти, аммо норозиликлар тобора ортиб бормоқда, – дейди роҳинжалар бўйича тадқиқотлар олиб борган Читтагонг университети антропологи Носир Уддин. – Актер масаласига келсак, қонуний равишда у Бангладешда қочқин сифатида ўқиш ҳуқуқига эга эмас, аммо ахлоқий нуқтаи назардан ҳар кимнинг таълим олиши кафолатланиши шарт».

Актер билан боғлиқ воқеа моҳиятан Бангладешда роҳинжа қочқинлари учун вазиятнинг қанчалик оғирлашаётганини кўрсатади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Ал-Жазира» билан суҳбатда у ўзининг келажаги борасида жуда хурсанд эди. Бугун эса бари бошқача.

Раҳима лагерлардаги янги қочқинлардан тадқиқот лойиҳаси учун маълумот тўплайди. У бу ердаги одамларнинг қайғулари ҳақида ҳамдардлик ва афсус билан ҳикоя қилади.

«Мен уларга ёрдам бермоқчиман. Роҳинжа бўлиш нимани англатишини тушунтирмоқчиман. Кимлигимни яширишимга тўғри келганини улкан омадсизлик сифатида қабул қиламан, – дейди у. – Бу ер менинг уйим, ҳамон ортга – Мьянмага қайтариб юборилишимдан жуда қўрқаман».

Аввалроқ келган кўплаб қочқинлар сингари унинг оиласи ижтимоий жиҳатдан бир қадар интеграциялашган, маҳаллий тилда гапиради ва Бангладешни ўз ватани деб билади.

Дарсдан сўнг бўш вақтларида Раҳима «Қизил Хоч» сингари ташкилотларда кўнгилли бўлиб ишлайди. Шунингдек, у лагерлардаги ёрдам агентликларида таржимон сифатида ҳам фаолият олиб борган.

Актер ўз ҳаёти бошқа роҳинжа қизлардан фарқ қилишини билади:

«Аксар дугоналарим аллақачон турмушга чиқишган, уларнинг икки ёки учтадан фарзандлари бор. Дугоналаримнинг кўпчилиги муттасил зўравонликдан азият чекади».

Ёш қочқин роҳинжаларнинг келажаги ноаниқлигича қолмоқда. ЮНИСEФ маълумотига кўра, 2019 йилнинг август ойи ҳолатига кўра, қочқинлар лагерларида 683 минг нафар бола бор. Улар лагерлардаги талабга умуман жавоб бермайдиган 2000 та ўқув марказларида кунига икки соатдан норасмий таълим олмоқда. 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг 97 фоизи эса умуман ўқимайди. Уларнинг на диплом олишга, на ҳақиқий ўқув дастурларида қатнашишга ва на ўрта мактабда ўқишига имконияти бор.

Университетдан ҳайдалганига қарамай Раҳима билим олишдан тўхтагани йўқ.

«Улар мени дипломдан маҳрум қилишлари мумкин, лекин билмимни ҳеч қачон тортиб ололмайдилар», – дейди у.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!