2 ёшгача бола пули олиш учун 13 та ҳужжат? Шу тўғрими?

2 ёшгача бола пули олиш учун 13 та ҳужжат?  Шу тўғрими?

2 ёшгача бола пули олиш учун маҳаллага мурожаат қилдим. Маҳалла ходимлари 13 та ҳужжат, жумладан, уйбоши номидан тузилган далолатнома ва меҳнат дафтарчаси нусхасини топширишимни айтишди. Шу талаб тўғрими?

➖ Фуқаролар йиғини ходимининг бу талаби умуман нотўғри!

🔰 Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 44-сонли қарор асосида тасдиқланган Низом талабларига кўра, юртдошларимиз 2 ёшгача болалари учун нафақа олиш учун ўзининг яшаш жойи, яъни доимий ёки асосан яшаб турган жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза билан мурожаат қилиши ҳамда унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилиши шарт:

📋 оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;

📋 болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун — болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;

📋 доимий рўйхатдан ўтмасдан муайян ҳудудда мунтазам яшаб келаётган фуқаролардан доимий рўйхатдан ўтган жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмагани ва тўланмагани тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома;

📋 агар болалар васийликка олинган бўлса — васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма.

Бундан ташқари, ариза берувчи моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризасига ўз хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни ҳам илова қилиши мумкин.

🚫 Бундан кўриниб турибдики, маҳалладан 2 ёшгача бола парвариши учун нафақа пулини олиш учун фуқародан 13 та ҳужжат сўралгани ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эмас. Фуқаролар йиғини томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, моддий ёрдам ҳамда бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича бериладиган нафақалар учун фуқаролардан қонун ҳужжатларида кўрсатиб ўтилмаган, жумладан, уйбоши номидан тузилган далолатнома ва меҳнат дафтарчаси нусхасини талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!