2,5 миллион ҳақида эртак: ХДП раиси ўзга сайёраликка қиёсланди

2,5 миллион ҳақида эртак: ХДП раиси ўзга сайёраликка қиёсланди

Бир гапни эшитса бўлди – ўзини худди шу соҳанинг мутахассиси қилиб кўрсатишга уринадиганлар кўпайиб кетди. Мисол учун, истеъмол саватчасини олинг. Бу атамани билган ҳам, билмаган ҳам қўллаяпти ҳозир. Шундай ақллиларнинг ўн нафаридан мазкур саватчага кирадиган биринчи даражали маҳсулотлар ва хизматлар рўйхатини сўраб кўрдим. Тўққизи гапни олиб қочди. Фақат бир киши санаб берди: муайян муддатга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, дори-дармонлар, шунингдек, транспорт харажати ва коммунал хизматлар тўловлари. Мавжуд шарт-шароитга қараб бошқа нарсалар ҳам истеъмол саватчасига киритилиши мумкин. У одатда бир киши ёки оилага нисбатан ойлик муддатга аниқланади.

Мамлакатимиздаги оилаларни ўртача беш киши деб оладиган бўлсак, уларнинг ой давомидаги барча эҳтиёжлари учун қанча маблағ зарур? Бу саволнинг жавоби чуқур таҳлиллар ва таққосларга асосланган аниқ ҳисоб-китобларни талаб этади. Хуллас, амалий тадқиқот ва синов-тажрибалардан кейин белгиланади бундай миқдор.

Шунинг учун бўлса керак, Халқ демократик партияси раисининг “икки ярим миллион”и ҳаммани лол қолдирди. Улуғбек Иноятов мазкур кўрсаткични қайси илмий-тадқиқот марказининг хулосаларидан олгани ҳам сирлигича қолмоқда. Ёки бирор рақамни айтворай – журналистлар жим турсин, деб ўйладимикин?! Партия лидерининг оғзидан чиққан маълумотни мухбирлар мулоҳаза чиғириғидан ўтказишини унутдимикин?!

“Севимли” телеканалида янграган “икки ярим миллион” ижтимоий тармоқларга кўчгач минглаб муносабат билдирилди. Аммо улар ижобий эмас. Мустаҳкам асосга эга бўлмаган фикр унинг муаллифини ўзга сайёраликка қиёслашгача бориб етди. Бундан ҳайрон қолган Жуманазар ака мени олиб кетишга ХДП раиси топшириқ берганмикин, деб ўйлаётганмиш.

Бошқа бир постда тобора қимматлашаётган коммунал тўловларни У.Иноятовнинг ўзи тўламагани учун билмаслиги ёзилган. Дарвоқе, сайлов арафасида яна бир сиёсий куч - “Миллий тикланиш” демократик партиясининг коммунал тўловларни табақалаштириш тўғрисидаги таклифлари ҳам кулгига сабаб бўлаяпти. Мен ҳам бунда мантиқ кўрмадим. Тасаввур қилинг, икки қўшни бир хил миқдорда электр энергияси истеъмол қилди. Лекин даромадга қараб тўлов икки хил бўлди. Бунинг қандай оқибатлар келтириб чиқаришини мактаблардаги табақалаштирилган пул йиғимларидан (албатта норасмий) билиш қийин эмас. Даромади юқори ота-онанинг фарзанди яхши ўқиса-ўқимаса синф гегемонига айланади. Иқтидорлилар елкасини қисиб, ийманиб юришга мажбур. Чунки кам пул берган. Бу жараён катталарга – бутун жамиятга кўчмаслигига “Миллий тикланиш” мутасаддилари кафолат бера оладими?

Имтиёзу табақаларни четга суриб, O’zLiDeP илгари сураётган таклиф – барчага бирдек шароит ва тенг имконият яратиш масаласини кўпроқ муҳокама қилиш керакка ўхшайди. Шунда асосланмаган рақамлар ҳам, мантиқсиз мулоҳазалар ҳам, ўткинчи сиёсатчилар ҳам вақтимизни олмайди.

Омон ЭСОН


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!