13 кунда салкам 2400 абитуриент қоидабузарлик содир этганлиги сабабли тестдан четлаштирилган

13 кунда салкам 2400 абитуриент қоидабузарлик содир этганлиги сабабли тестдан четлаштирилган
2018 йил 13 август куни ҳолатига кўра кундузги, махсус сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича бакалавриатга кириш тест синовлари республиканинг 60 та олий таълим муассасалари ва уларнинг 19 та филиалларида муваффақиятли якунланди. Бу ҳақида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўзининг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.
 
Кундузги, махсус сиртқи ҳамда кечки таълим шакли учун олий таълим муассасаларига абитуриентлар томонидан жорий йилда 679 979 та аризалар тушган ва танлов бир ўринга ўртача 8,2 нафарни ташкил этган. 2017 йилда бу рақам 729 947 та бўлиб бир ўринга танлов 11,0 нафарни ташкил этган эди.
 
Тест синовларида 604 677 нафар абитуриент иштирок этди, 17 353 нафар абитуриент эса қатнашмади. Улардан 14 957 нафари келмаган бўлса, 1 340 нафари ҳудудга киришда ҳамда 1 056 нафари тест жараёни пайтида қоидабузарлик содир этганлиги сабабли тестдан четлаштирилган
 
Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг олий таълим муассасаларида тест жараёни пайтида четлаштиришлар сони нисбатан кам бўлди. Азиз Абдуҳакимов буни ушбу ҳудудларда тест синовларига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил қилиш мақсадида 2018 йил 14-22 май кунлари ўтказилган профилактик тадбирлар муваффақиятли ўтказилганлиги билан изоҳлади.
 
Тест синовлари материаллари Давлат фельдъегерлик хизмати, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлар томонидан, уларнинг махфийлиги ва дахлсизлиги таъминланиб, ҳар куни белгиланган муддатларда республиканинг барча ҳудудларига етказилди.
 
Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 5 285 нафар гуруҳ назоратчилари жалб қилинган.
 
Тест синовлари ўтказилган 57 та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилган. Барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ҳамда тест синовлари ўтадиган ҳудудларда тез ёрдам машиналари ташкил этилди.
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!