11 йил қамоқда ўтирган бухоролик эркак: аслида, нима бўлганди?

11 йил қамоқда ўтирган бухоролик эркак: аслида, нима бўлганди?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир. Мен, Президент сифатида, судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман» дея таъкидлаганди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 6 февралдаги ва жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инс­танциясининг 2020 йил 28 майдаги Жондор тумани Пеш­қандоқ қишлоғида яшаган Ихтиёр Эшмуродовга нисбатан чиқарган ажримлари давлатимиз раҳбарининг ана шу фикр­ларига муносиб жавоб бўлди. Яъни мазкур ажримлар натижасида муқаддам — 2009 йилда ноҳақ судланган И. Эшмуродов 11 йил деганда оқланиб, жазони ижро этиш колониясидан озодликка чиқарилди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Ихтиёр Эшмуродов қайси хатти-ҳаракати учун айбдор деб топилганди?

Гап шундаки, Ихтиёр Эшмуродов жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2009 йил 3 августдаги ҳукмига биноан судланган.

Мазкур ҳукмда қайд этилишича, И. Эшмуродов ўз ҳамқишлоғи Тамара Юллиеванинг жуда кўп миқдордаги — 10 164 000 сўм­га тенг бўлган 7 000 АҚШ долларини (2009 йил 29 январь куни 1 АҚШ доллари 1 408 сўм 44 ти­йин тенг бўлган) қўлга киритмоқчи бўлган.

Шу мақсадда И. Эшмуродов 2009 йил 29 январь куни кеч соат 22:30 да Т. Юллиеванинг ётоқхонасига ғайриқонуний равишда бостириб кириб, аёлнинг ўзи ҳамда 2000 йилда туғилган невараси, вояга етмаган Умрия Ҳамроевага ҳужум қилади. Яъни аввалига ухлаб ётган, ожиз аҳволдаги Т. Юллиевани ўнгида бўғади. Сўнгра ўзи билан олиб келган ёғоч таёқ билан бир неча маротаба уради.

Кейин вояга етмаган Умрияни ҳам ўлдириш учун худди шу тарзда кетма-кет зарба беради. Оқибатда буви ва набира ҳушларидан кетиб, йиқилишади. Бундан фойдаланган И. Эшмуродов эса, иккаласининг устига ётоқхонадаги кўр­па-тўшакларни ташлаб, ёқиб юборади-да, воқеа жойидан яширинади.

Аммо оловнинг куйдиришиданми ёки бошқа сабабми, ҳар ҳолда хонадон соҳибаси тезда ўзига келади. Сўнг И. Эшмуродовнинг чиқиб кетганига ишонч ҳосил қилгач, қўни-қўш­ниларини ёрдамга чақиради.

Пировардида кўпчилик бў­либ ёнғинни бартараф қилишади. Аниқроғи, «меҳмон»нинг жи­ноя­ти ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етмай қолади.

Мазкур жиноий қилмиш содир этилгач, Ихтиёр Эшмуродовга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «а»-бандида кўрсатилган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида босқинчилик қилиш, шунингдек, 25, 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “и”-бандларида кўзда тутилган тамагирлик ниятида икки ёки ундан ортиқ ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш айблари билан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди эса, ўзининг юқоридаги ҳукми билан уни 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этади. Суднинг 2009 йил 3 сентябрдаги апелляция ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолади.

Буни қарангки, шундан буён И. Эшмуродов жазо муддатини ўтаб келаётган бўлса-да, виждони олдида ўзини мутлақо айбсиз деб биларди. Шунинг учун ҳимоячиси — Бухоро шаҳридаги «Адолат мезони» адвокатлик фирмаси раҳбари Тоштемир Адизов 2019 йил 14 декабрь куни вилоятда ўтказилган сайёр қабулда унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комиловга мурожаат қилиб, адолатни қарор топтиришда амалий ёрдам сўради.

Натижада Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2009 йил 3 сентябрдаги апелляция ажрими бекор қилинди. Жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилди.

Суд жараёнида аён бўлдики, биринчи босқич суди жиноят ишини кўришда Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Олий суд Пленумининг тегишли қарори талабларига риоя қилмаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ихтиёр Эшмуродов жазо муддатини ўтаётгани боис суд ишни видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқди.

— Мен ҳамқишлоқ бўлгани сабабли жабрланувчи Тамара Юллиевани ҳам, оила аъзоларини ҳам танийман. Лекин унинг уйида содир этилган бос­қинчиликка менинг мутлақо дахлим йўқ. Бу ҳақда тергов жараёнида хабар топганман. 2009 йил 29 январь куни кечқурун соат 21:00 ларда уйимдан юз метр наридаги қўшним Ислом Боқиевдан DVD диск олиб келиб, телевизор кўриб ётдим. Кейин ухладим. Жиноят юз берган куни уйда бўлганимни бошқа гувоҳлар ҳам тасдиқлаши мумкин. Қолаверса, жабрланувчи билан уйимнинг ораси 3 километр келади. Тўғри, Тамара Юллиеванинг турмуш ўртоғи Бахтиёр Юллиев билан гоҳ-гоҳида карта ўйнаб турганмиз. Аммо уларникида пул борлигини билмаганман. Тергов даврида жиноятни бўйнимга олишимни талаб қилиб, турли жис­моний ва руҳий тазйиқлар ўтказишди. Ҳатто чўнтагимга ёки уйимга гиёҳвандлик воситасини ташлаб бўлса ҳам, қа­маш билан қўрқитишди. Кейин мени уч сутка қийнаб, бармоқ изларимни олишди. Бироқ мен бу жиноятни қилмаганман, виждоним олдида ўзимни айб­сиз деб ҳисоблайман. Шунинг учун адолатли қарор чиқариб, мени оқлашингизни сўрайман, — дея И. Эшмуродов жазони ижро этиш колониясида турган ҳолда видеоконференция орқали кўрсатма берди.

Дарҳақиқат, судланувчининг қўшниси, айни пайтда Россия Федерациясида бўлган Малоҳат Жумаева ва 2019 йил 2 июлда вафот этган Ислом Боқиев биринчи босқич судидаги кўр­сатмаларида ўша кеча И. Эшмуродов уйида бўлганини тасдиқлашган.

Буни қарангки, жиноят иши ҳужжатларида воқеа жойини кўздан кечириш 2009 йил 30 январь куни тунги соат 01:20 да, яъни воқеадан 3 соатча ўтибоқ ўтказилгани, бармоқ излари уйга кириш эшигининг дераза ойнасидан олингани қайд этилган. Аммо ўша кеча маҳаллада чироқ бўлмаган.

Шундай экан, чироқ йўқлигида кўздан кечириш жараёни қандай амалга оширилгани, эшик деразасидаги бармоқ изи қоронғуда қандай олингани ажабланарли эмасми? Қо­лаверса, кўздан кечириш жараёни тунда ўтказилгани ҳолда баённомага илова қилинган суратлар кундузи олингани қи­зиқ.

Бундан ташқари, воқеа жо­йи­ни кўздан кечириш жараёнида фуқаролар Зафар Бобоев ва Ҳамро Ҳамроев холис сифатида иштирок этгани баённомада қайд этилган. Бироқ апелляция инстанциясида сўроқ қилинган З. Бобоев ушбу жиноят ҳақида эртаси куни — 2009 йил 30 январь куни соат 09:00 ларда эшитганини, холис сифатида иштирок этган яна бир фуқаро Ҳ. Ҳамроевни танимаслигини, баённомадаги ҳамда туман ИИБ бошлиғи номига ёзилган тушунтириш хатидаги имзолар ўзиники эмаслигини маълум қилди.

Шунингдек, жабрланувчи Т. Юллиева дастлабки тергов жараёнида уйига кирган шахс­ни танимаганлигини, у ҳеч қандай пул ва бошқа мулклар талаб қилмаганлигини, ўша номаълум шахс ўзини тимдалаб, тан жароҳати етказганини таъкидлаган бўл­са-да, кейин эса, уйига бостириб кирган шахс айнан И. Эшмуродов эканлиги ва у шафқатсизларча уриб, пул топиб беришни талаб қилганини билдириб, кўрсатмаларини бир неча маротаба ўзгартирган.

Қонун талабига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг мақбул эмас, демакки, яроқсиз деб топилишига олиб келади.

Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддасига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади.

Айблов ҳукмига жи­ноят­ содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шуб­ҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция ҳайъати суднинг 2009 йил 3 августдаги ҳукмини бекор қилиб, Ихтиёр Эшмуродовни айбсиз деб топиб, оқлади.

Энг муҳими, юзи ёруғ бўл­ган қаҳрамонимиз Оҳангарон шаҳридаги жазони ижро этиш колониясидан дарҳол озод қилинди.

Суд ажримида И. Эшмуродовга жиноий таъқиб натижасида ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.

Хулоса ўрнида шуни эътироф этиш зарурки, судланган шахснинг оқланиб, жазони ижро этиш муассасасидан озодликка чиқиши деярли учрамайдиган ҳолат. Бу ҳам бўлса, Президентимиз ташаббуси билан юзага чиқаётган адолатнинг чинакам, тўлақонли ва ёрқин ифодасидир.

Абдуманнон ШАЙДОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

 Бухоро вилоят суди

раисининг ўринбосари,

  Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!