Чақалоқ савдосининг олдини олиш мумкинми?

Чақалоқ савдосининг олдини олиш мумкинми?

Мумкин. Агар биз ёш оналарни бу йўлдан қайтара олсак… агар жиноят содир бўлишидан олдин конфиденциал тарзда профилактик суҳбатлар ўтказилса… агар жамият томонидан алданган қизларга паст назар билан қаралмаса… агар зўравонликка учраган аёл дунёга келтириш мумкин бўлган зурриёднинг “ҳароми” дейилишига йўл қўйилмаса ёки умуман бу нарсанинг олди олинса…

Шундай бўлиши мумкинми? Бир қараганда, урф-анъаналаримизга асосланган жамиятда салбий иллатларга ўрин йўқ. Биринчи навбатда, муқаддас динимиз ҳар қандай зўравонликни қоралайди. Бировнинг аёлига (қизига, синглисига) ёмон кўз билан қараш динимизда қаттиқ қораланади.

Аммо биз 21 асрда яшаяпмиз. Хоҳлаймизми йўқми, глобаллашув жараёни кетяпти. Ушбу жараён бизнинг жамиятимизни четлаб ўтмаяпти, балки минг йиллик қадриятларимиз ва анъаналаримизга ҳам чанг соляпти. Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда “…зўрлади, никоҳсиз бола туғилди, чақалоғини сотишга уринди…” каби хабарлар бот-бот кўзга ташланади. Ёшларимиз икки ёки уч тилда бемалол мулоқот қилишади, айниқса, интернетда. Уларнинг қизиқишларини жиловлашнинг имкони йўқ. Фақат бир йўли бор, у ҳам бўлса кичик ёшдалигидан урф-анъаналаримизни қулоғига сингдириш.

Шу ўринда, ибратли воқеа. Швеция давлатида Ўзбекистондан 15 йиллар чамаси илгари кўчиб кетган дугонам яшайди. Интернет орқали мулоқот қилиб тураман. Яқинда Стокгольм университетининг психология факультетини тамомлади. Икки нафар қизи бор. Кўчиб борганида кичиги 3 ёш, каттаси 7 ёшда эди. “Мактабга чиқишганида, қулоқларига “биз ўзбекмиз, шуни эсдан чиқарманглар. Бизнинг анъаналаримизда бир жинсли муносабатга ўрин йўқ. Бировга айтиш шартмас, аммо эсдан ҳам чиқмасин” деб қуйганман роса. Чунки бу мамлакатда бошланғич синфларданоқ бир жинсли никоҳлар ҳақида маълумот берилар экан”,  деган эди.

Энди чақалоқ савдосига қайтсак… “Садоқат” деб номланган ҳинд фильмини барчамиз севиб кўрганмиз. Фильм қаҳрамони бўлган қиздан ким нафратланган? Ҳеч ким…чунки фильмда қизнинг изтиробларини тўлиқ намоён қилиб берилган. Шу фильмда бир кичик эпизод бор. Беникоҳ дунёга келтирилган болани Болалар уйи олдида қўйилган саватчага солиб, қўнғироқни чалиб, ичкаридагиларни огоҳлантириб, қўйиб кетишади.

Бу ерда фикр бор. Қандай қизлар алданиб қолади? Кўпинча, оиласи нотинч, етишмовчиликда яшайдиган, эҳтиёжманд оилалар қизлари. Нега десангиз, оилада меҳр кўрмай ўсган қизни алдаш осон. Нега десангиз, ўзига тўқ оиланинг қизи алданиб қолганида ҳам, “синиқ суяк эт ичида” битади. Яъни, жарроҳлик йўллари билан шармандаликнинг олди олинади.

Нега бизда алданган қизлар ҳамманинг нафратига дучор бўлиб, болани уйига олиб кетиши керак? Нега болани дунёга келтиришда “ҳисса” қўшган йигит бу шармандачиликлардан четда қолиши керак? Чунки, “ДНК” тестларини қилдириш, судлашишга эҳтиёжманд оиланинг пули йўқ. Шундай экан, дунёга келтирилган алдов меваси бўлган болани тарбия қилишнинг ҳам ўз-ўзидан имкони йўқ.

Балки, барча ривожланган давлатлардаги каби болаларнинг нормал шароитда ўсиши учун шароит яратиб берармиз?

Ахир, Конституциямизда белгиланганидек, у дунёга келиши билан фуқаровий ҳуқуқлари пайдо бўлдику? Балки, “Гўдаклар уйи” ёнига бола қабул қилиш корзинкаларини ўрнатармиз? Бу билан қизларимизга “какку”сифат яшаш учун шароит яратиш эмас, балки, бола ҳуқуқларини таъминлаш кўзда тутиляпти.

Ахир боланинг тирноғига зор неча-неча жуфтликлар армон билан яшашмоқда. Бу азобни бошидан ўтганлар билади. Илгари туғуруқхона дарвозаси ёнига ташлаб кетилган гўдаклар ҳақида кўп ёзиларди. Шундай хабарларни ўқиганида кўзида ёш билан “Э Худойим, шу фарзандни менга бермайсанми?” дея нола қилганлар кўп бўлган. Шундай оилалар ҳали ҳам бор.

Қизларимиз “чақалоғини сотди” деган тавқи лаънатга йўлиқмасларидан олдин, балки туғуруқхоналарда “тилхат” ёздириб, “Гўдаклар уйи”га ўтказган маъқулдир? Бола асраб олишни хоҳлаган жуфтликларгаям осон бўлармиди? Кейинги пайтда, назаримда, айнан бахтсизлик туфайли исталмаган болани дунёга келтирган, она бўлиб қолган қизларимиз ва аёлларимизга “ов” эълон қилингандек. Отасиз болани олишга тайёр турган кимлардир, кўндирганидан сўнг, дарров ИИБга хабар берадиган кимлардир… Қарсак икки қўлдан чиқмайди. Балки, болани сотишга кўндирганларни ҳам жиноий жазога тортиш вақти келгандир?  У ҳам “олди-сотди” жараёнида иштирок этяптику? Ҳар ҳолда ҳеч қайси эпизодда болани сотувчининг олувчини излаб борганлиги ҳақида ўқимадим.

Нима бўлганда ҳам, алдов қурбонига айланган аёлни Аллоҳ жазолаб турганида, уни тўғри йўлга бошлаш ўрнига тузоққа тушириб бериш ҳам номардликдан бошқа нарса эмас.

Юқоридаги мулоҳазаларни таклиф сифатида қабул қилинса ва қонунчиликка киритилса, жамиятимиз бундан фақат ютади, деб ўйлайман.

 Зебо Ҳайдарова,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!