"Нега божхоначилар суд қарорига беписанд?" — “Ўзагросуғурта” АЖ мазкур ҳолат юзасидан муносабат билидирди

"Нега божхоначилар суд қарорига беписанд?" — “Ўзагросуғурта” АЖ мазкур ҳолат юзасидан муносабат билидирди

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, унинг йўлидаги ҳар қандай сунъий тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари халқ хизматчисига айланиши лозимлиги ҳақидаги ғоялар айни шу масалаларни ўз ичига олади.

Фарғона вилоят божхона бошқармасининг на мантиқ ва на қонун нормаларига мос мазкур ҳаракати чин маънода тадбиркор йўлига қўйиб келинаётган тўсиқ бўлиб, шунингдек, мамлакатдаги етакчи суғурта компанияси фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Авваламбор, низо қаердан келиб чиққани тўғрисида тўхталиш лозим. Шунда ушбу воқеаларнинг “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятига қандай алоқаси борлиги тушунарли бўлади. Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан экспорт-импорт қилинадиган маҳсулотларга божхона божи қўллашда имтиёзлар мавжуд.

Тадбиркор Р.Маликов Қирғизистондан олма маҳсулотларини Ўзбекистонга импорт қилади. Тадбиркорда маҳсулот қайердан олиб келинаётганини тасдиқловчи ҳужжати бўлса-да, божхоначилар Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан берилган сертификат ҳақиқийлигига шубҳа билан қарашади ва қўшни мамлакатга сўровнома юборишади. Шундан сўнг тадбиркор божхона божи тўлови бўйича фуқаролик жавобгарлигини суғурталашга ва “Ўзагросуғурта” АЖ суғурта полисини таъминот сифатида тақдим қилишга мажбур бўлади.

Божхона бошқармаси томонидан божхона тўловлари учун таъминот сифатида суғурта полислари олинганлиги сабабли, тадбиркорга божхона тўловларини тўлаш 2 ойга кечиктирилади. Бу ҳолатда божхона бошқармаси ва тадбиркорга божхона тўловлари тадбиркор томонидан 2 ой ичида тўланмаслиги маълум. Чунки импорт қилинган маҳсулотларга нисбатан имтиёз қўлланилиши лозим.

Берилган ҳужжатларга шубҳа билан қараб Божхона бошқармаси мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида бир вақтнинг ўзида тадбиркор ва “Ўзагросуғурта” АЖнинг ҳисоб рақамларига сўзсиз ижро этиладиган инкассо топшириқномалари қўйилади.

Тадбиркор божхоначиларининг бож ҳисоблашдаги ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўраб, судга ариза беради. Фарғона вилоят Маъмурий суди Божхона бошқармаси мансабдор шахсларининг импорт қилинган маҳсулотлар учун ҳисобланган бож тўлови қонунга зид, деб қарор чиқаради. Бироқ шу кунгача божхона органи суднинг қонуний кучида бўлган қарорини бажаришдан асоссиз равишда бош тортмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, Фарғона вилояти божхона бошқармаси тадбиркорлик фаолияти субъекти сифатидаги ҳуқуқларимизни бузиб келмоқда. Компания банк ҳисоб рақамига қўйилган инкассо топшириқномаси шулар жумласидандир. Гап 5 миллард сўмдан ошиқ ноқонуний тўлов ҳақида кетаётгани масала нақадар жиддий эканидан дарак беради.

“Ўзагросуғурта” АЖ томонидан божхона тўловини тўламаслик учун асослар мавжуд бўлмаган полислар бўйича тўловларни ихтиёрий равишда амалга оширилди. Шундан сўнг тўлов ҳужжатларининг банк тасдиқлаган нусхаларини илова қилиб, Фарғона вилоят божхона бошқармасига расмий хат берилди. “Ўзагросуғурта” АЖ хатда тўловлар ихтиёрий тўлаб берилганлиги ва қарздорлиги қолмаган инкассо топшириқномаларини қайтариб олишни сўрайди.

Афсуски, бу мурожаат Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан кўриб чиқилмади ва “Ўзагросуғурта” АЖнинг банк ҳисоб рақамига қўйилган тақиқ бекор қилинмади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади, тегишли суғурта полислари бўйича суғурта ташкилоти бож тўлаганидан кейин ҳам, божхона бошқармаси айнан шу тўловни ундириш учун суғурта ташкилотининг банк ҳисоб рақамига кўйган инкассо топшириқномасини нима сабабдан қайтариб олмаяпти? Бунга қандай қонуний асос бор? Фарғона вилояти божхона бошқармасида бир нафар жавобгарлик бўйича икки ва ундан ортиқ маротаба пул маблағларини ундириб олиш ваколати борми?

Ушбу саволлар жавобсиз қолмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!