Амир Темур тобути қаерда?

Амир Темур тобути қаерда?

Самарқанд давлат меъморий-бадиий музей қўриқхонаси юртимиздаги қадимий музейлардан ҳисобланади.

1896 йилда ташкил этилган музей коллекцияларидаги ҳунармандчилик ва санъат ашёлари Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларидаги бадиий маданиятни қамраб олади. Дастлабки йилларда музей фондида 150 мингга яқин турли ашёлар сақланган. Уларнинг асосий қисми қадимий Самарқанд - Афросиёбдан топилган археология ва нумизматикага тегишли бўлган. Бугунги кунда музейнинг бой бўлимларидан бири Темурийлар даври бўлимидир. Ушбу бўлимда жами 308 экспонат сақланади. Улар орасида қўлёзмалар, Амир Темур тобути, кошин парчалари, қуш тасвирли, исломий нақшли сопол идишлар, ўйма эшик, шиша буюмлар мавжуд.

Самарқанднинг хушманзара бир бурчагида, ХХ аср бошларига тегишли эклектика усулида машҳур меъмор Е.Нелле лойиҳаси асосида қурилган, савдогар Абрам Калантаровга тегишли бўлган қадимий ҳовлида 1981 йил вилоят ўлкашунослик музейи бўлган. Музейнинг биринчи қаватидаги экспозиция ўлкамизнинг қадимий даврдан ХХ аср бошигача бўлган ривожланиш тарихини тасвирлайди.

Ислом тикланиши даври экспозициясида Юнонистон қизил шишасидан қилинган идиш қолдиқлари, Эроннинг Рея шаҳридаги лой қандил, сероб тангаларни кўриш мумкин. Экспозицияда мўғуллар найзаларининг қинлари, Чингизхон томонидан харобага айлантирилган Самарқанд қўрғони сурати ҳам мавжуд. Музейда Амир Темур ҳамда темурийлар ҳукмронлиги даври қазилма материаллари бор. ХIII-ХV асрларга тегишли тангалар ўша давр ҳунармандчилиги, карвон савдолари, темурийлар ва Улуғбек даври савдо-пул муносабатларини намоён қилади. Шунингдек, бу ерда ХV-ХVI асрларга оид жанг ва намойиш дўмбираси, 1678 йил Амстердамда нашр қилинган Де Санктиеннинг «Темур тарихи» китобини кўриш мумкин. 

«Афросиёб» музейи 1970 йилда ташкил этилган. Музей Афросиёб шаҳарчасида – Самарқанднинг қадимий, мўғуллар истилосигача бўлган қисмида жойлашган. Музей экспозиция залларида милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг ўрталаридан ХIII асрнинг бошларигача бўлган шаҳар тарихини ёритувчи экспонатлар мавжуд. Самарқанд икки минг йил давомида (Сўғд ёки Сўғдиёнанинг) марказий шаҳри бўлиб, музейда намойиш этилаётган экспонатлар унинг юқори даражадаги маданий, сиёсий, диний ва иқтисодий ҳаётини яққол тасвирлаб беради. Музейда кўҳна кентнинг моддий маданиятини ёритувчи сопол, шиша, тош, металл, суяк, корапластика ва меъморий нақшлардан иборат бой тўпламлар сақланади. Булар қарийб 20 мингдан ортиқ осори-атиқаларни ташкил қилади. Бу экспонатларнинг асосий қисми музейнинг 11 та залидан иборат экспозицияларида намойиш этилиб, қолган ёрдамчи материаллар музей фондларида сақланмоқда. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейи муносабати билан музейнинг иккинчи қават экспозиция заллари тўлиқ қайта ишга туширилган.

Г.Султонова,

СамДУ тасвирий санъат кафедраси ўқитувчиси.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!