Ҳазрати Мусонинг жаннатдаги қўшниси

Ҳазрати Мусонинг жаннатдаги қўшниси

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога жаннатда унга ким қўшни бўлишини билдиришини  сўраб, ёлворар эди.

Бир куни шундай нидо келди: 
— Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги дўстинг бўлади...

Мусо алайҳиссалом, қизиқиб, қайси ибодати учун бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқдилар. Ҳазрати Мусо ўша одамни қидириб топдилар. Қассоб Ҳазрати Мусонинг ҳақ пайғамбар эканини билган, имон келтирган эди. Лекин ўзларини  кўрмаган эди. Шунинг учун танимади. Кечқурун қассоб Ҳазрати Мусони уйига олиб кетди. Овқат тайёрлади. Дастурхон тузади. Овқат ейишдан олдин, қассоб деворга осилган бир замбилни ерга туширди ва ундан ҳаракат қилишга сира ҳоли йўқ бир қари кампирни чиқарди. Худди гўдакни овқатлантиргандек уни едирди, ичирди ва яна замбилга қўйиб, деворга осди. Шунда кампир нималардир деб шивирлади.

Қари аёлнинг нима деяётганини тушунмаган Мусо, алайҳиссалом, қассобдан сўради:
— Ўғлим, бу кампир киминг бўлади?

Қассоб мусофирга:
— Бу аёл  менинг онам бўладилар. Ўтириб-туришга, овқат ейишга ҳоли йўқ. Шу боис ўзим едираман, ичираман ва тозалигига қарайман. Қўлимдан келгунича ҳушнуд этишга ҳаракат қиламан.

Мусо алайҳиссалом:
— Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нималар деди?

Қассоб:
— Эй Раббим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Ҳазрати  Мусога қўшни қилгин деб дуо этди.

Шунда Мусо алайҳиссалом, ўзини танитадиган вақт келганини тушундилар ва:
— Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусо бўламан. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришини илтижо қилган эдим. Жаноби Ҳақ сени билдирди. Сенга хушхабар бўлсин. Онангга қилган хизматинг учун Аллоҳ сендан рози бўлди. Онангнинг дуосини қабул айлади. Аллоҳ сени жаннатда менга қўшни қилди, — дея марҳамат қилдилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!