Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон манфаатларига хизмат қилади

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон манфаатларига хизмат қилади

Мамлакатимизда барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2016 йил  21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари асосида 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон суд тизимида маъмурий судлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида” ги Қонуни билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекси тасдиқланди ҳамда 2018 йил 1 апрелдан жамият ҳаётига татбиқ этилди. Мазкур Кодекснинг 27-моддасида маъмурий суд томонидан ҳал этиладиган ишлар рўйхати аниқлаштирилиб, унга кўра маъмурий судлар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низоларни, давлат бошқаруви, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширувчи, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, сайлов комиссияси, нотариал ва ФХДЁ органлари, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича низолашиш, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоятларни, шунингдек қонун билан ваколатига киритилган бошқа низоларни ҳал қилиши белгиланди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда ҳолис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш масалалари алоҳида таъкидлаб ўтилди.     

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034 сонли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармонида белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросини ўз вақтида, тўлиқ таъминлаш суд-ҳуқуқ соҳаси ривожининг асос бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб суд тизимига “бир суд - бир инстанция” тамойилини жорий этиш ва шу билан боғлиқ суд тизимида бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш белгиланди.

Шу жумладан:

- суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш;

- туман судларининг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида кўриб чиқиш;

- апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқиш;

- Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суди раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш тартиби жорий этилиши кўрсатиб ўтилди.

Мазкур қоидалар шахсларга қулайлик яратиш ва улар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида белгиланган бўлиб, шунинг ўзиёқ фармоннинг нақадар халқчиллигини, унда шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш биринчи ўринга қўйилганини англатади.            

Эндиликда туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу, ўз навбатида, маъмурий судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли тазйиқларидан холи ва мустақил фаолият юритиши, яъни фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратади.

Маълумки, маъмурий судлар фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ва самарали тиклашга қаратилган.        

Мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотлари доирасида оммавий ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаган, процессуал жиҳатдан деярли бир хил тартибда ҳал этиладиган ҳамда ишни кўриб чиқиш яккунига кўра айбдорларга жазо қўлланиладиган  маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш юклатилган эди.

Ушбу ҳолат туман (шаҳар) маъмурий судларининг иш юкламаси ортишига, ушбу судларда бир бирига ўхшаш бўлмаган ишларнинг бир судда кўриб чиқилишига, оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни ҳар томонлама ва тўла муҳокама қилиш учун етарлича вақт ажратилмаслигига сабаб бўлаётганди.

Шунингдек, фармонда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар инобатга олинган ҳолда, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларини умумий юрисдикция судларидан алоҳида ҳолда сақлаб қолиш кўрсатиб ўтилди.    

Юқорида қайд этилган меъёрлар маъмурий судларнинг келгусида ижро этувчи ҳокимият ва бошқа органлардан тўла мустақил фаолият юритишига, ушбу судларда нисбатан тажрибали ва малакали судьялар фаолият олиб боришига, натижада маъмурий судларнинг фаолияти самарадорлиги таъминлашга хизмат қилади. 

Мирзоҳид Хайдаров 

Сирдарё вилоят маъмурий  судининг судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!