Фарғоналик ҳарбий ёнғинда қолган одамлар ҳаётини сақлаб қолди

Фарғоналик ҳарбий ёнғинда қолган одамлар ҳаётини сақлаб қолди

Фарғона шаҳар Қиргули мавзеси “Табассум” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйлардан бирида ёнғин келиб чиқади. Кичик сержант Фарҳоджон Набижонов ўзи шу ҳудудда истиқомат қилгани боис ҳалокатдан тезда хабар топади ва икки инсон ҳаётини сақлаб қолишга эришади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар қилди.

Маълум бўлишича, ўша ҳудудда жойлашган 17-уйнинг 25-хонадони ўт ичида қолган. Шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси қутқарув гуруҳи ҳам чақирув бўйича воқеа жойига етиб келиб, вазиятни ўргана бошлайди. Улар электр таъминотини узиб, ўз ишларини бошлагунча Фарҳоджон тутунга тўлган подъезддан юқорига кўтарилиб, уй эшигини бузиб, ичкарига киради.

Уй ичида чамаси 50-55 ёшлар атрофидаги хонадон соҳиби ҳушсиз ётган. Фарҳоджон уй эгасини кўтариб олади-да, уни хавфсиз жойга – уй ташқарисига олиб чиқиб кетади.

Шу пайт мазкур уйнинг 5 қаватидан қиз боланинг йиғиси эшитила бошлайди. Хавотир ва қўрқув билан воқеани кузатиб турган қўни-қўшнилар сафига ўша бешинчи қаватда истиқомат қилувчи аёл ҳам келиб қўшилади. (У етти ёшли қизини уйда қолдириб, ўзи дорихонага чиққан экан). Қизининг овозидан таниб, унга ёрдам беришларини илтимос қила бошлайди. Фарҳоджон ортиқ ўйлаб ўтирмай, аёлдан уйи калитини оладида, иккинчи бор олов домига равона бўлади. Орадан бироз вақт ўтгач, қўрқувдан дағ-дағ титраётган қизчани кўтариб олиб тушиб, уни онасига топширади.

Сўнгра қутқарув гуруҳига оловни бартараф этишда ёрдам беради. Шу тариқа тилсиз ёв сўндирилиб, қаҳрамонимиз томонидан инсонлар ҳаёти сақлаб қолинади.

Дарҳақиқат, бугун миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган Ватан ўғлонлари нафақат ўз касбий маҳорати, балки чин инсоний фазилатлари билан ҳам юртдошларимизга ибрат бўлаётир. Армия инсонларни мана шундай олийжаноб бўлишга, улардаги дахлдорлик ҳиссининг ортиб боришига хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!