Пандемия давридаги уруш. Дунё нега карантинда ҳам тинч ўтирмади?

Пандемия давридаги уруш. Дунё нега карантинда ҳам тинч ўтирмади?

Инсоният умумий душман - коронавирус билан курашмоқда, шу туфайли барча урушларда танаффус қилиб туриш керак, деганди март ойи охирида БМТ бош котиби. Дунё унинг чақириқларига эътибор қаратмади ва ҳарбий низоларни давом эттирди. Нима учун?

Ўтмишда Европада кузатилган ҳалокатли эпидемиялар инсониятни тезроқ муросага келтирган: XIV асрдаги вабо французлар ва инглизларни Юз йиллик урушни якунлаб қуролларни қинга солишга ва сулҳ тузишга мажбурлаганди. Юз йил муқаддам «испанка» эпидемияси ҳам урушувчи томонларнинг силласини қуритиб, Биринчи жаҳон тезроқ якунланишига «хизмат қилганди».

Бугун эса замбараклар тинмаяпти. БМТ раҳбарининг урушни карантинга жўнатишни сўраб қилган мурожаатлари ҳам, Рим папасининг бирдам бўлиш ва жипслашишга чақирган сўзлари ҳам, гуманитар ташкилотларнинг бир пайтда уруш ва вирус балоси қаршисида ожиз қолган одамларнинг аҳоли ҳақидаги огоҳлантиришлари эътиборсиз қолдирилди, дейди "Kun.uz".

Пандемия даврида ҳам яна юз минглаб одамлар уйсиз қочқинларга айланди.

«Одамлар урушда ўлаётган ва уруш туфайли уйларини ташлаб кетиб, очликка маҳкум бўлаётган маҳалда БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолалари худди қум майдонидаги болалар каби баҳслашишмоқда. Ҳозир болалар ўйини вақти эмас», дея ғазабини яширмайди Норвегия қочқинлар бўйича кенгаши раҳбари Ян Эгеланн.

БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари - бешта ядровий барқудрат давлат (держава) ўзаро доимий келишмовчиликлар туфайли глобал сулҳ бўйинча резолюция қабул қила олишмади.

Ҳужжатнинг биринчи варианти унинг матнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти номи эслаб ўтилгани туфайли АҚШ томонидан рад этилди - Америка ҳукумати бу ташкилотни Хитой билан қалин алоқалари туфайли айблаб келмоқда. ЖССТ эсланмаган иккинчи ва 90 кунлик сулҳни назарда тутган резолюция эса ҳали муҳокама қилинмади.

Агар йирик давлатлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги чақириқлар атрофида бирлаша олишмаса, бир неча давлатлар ва террорчи гуруҳлар иштирокидаги қуролли ҳаракатлар тўхтамайди.

Ҳал қилувчи қатъий ҳаракатларни амалга ошириш имкони бой берилди.

БМТнинг Инқирозлар бўйича халқаро гуруҳи вакили Ричард Гоуаннинг ҳисоблашича, дипломатлар баҳслашишни давом эттираётган вақтда сулҳга эришиш учун имкониятлар даричаси ёпилди.

Уруш кетаётган жойларда коронавирус янада ўлимвор: шифохоналар вайрон қилинган ёки ҳаддан ортиқ юклама билан ишламоқда, ҳарбий ҳаракатлар туфайли халқаро миссиялар шифокорлари беморлар жойлашган ҳудудларга етиб бора олмаяпти. Соғлом одамлар ҳам жабр чекишмоқда: сиёсатчилар ҳаракатсизлигича қолар экан, одамлар оч қолмоқда, дея огоҳлантиради БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури.

Ташкилот раҳбари Дэвид Бизлининг айтишича, ҳозирдаям ўнлаб давлатларда миллиондан ортиқ киши очдан ўлиш хавфи остида яшамоқда, вазият янада ёмонлашса 30га яқин давлатда очарчилик бошланиши мумкин.

Халқаро валюта фонди баҳоларига кўра, пандемия ва унинг оқибатларидан асосан низолар туфайли кучсизлашган давлатлар катта зарба олади.

Умуман олганда, фонд прогнозларига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатлари иқтисодиёти бу йили 7 фоизга қисқаради, ҳолбуки ўтган йили бу ҳудудларда 2,6 фоизлик ўсиш қайд этилганди. Даромадлар жиддий равишда пасаяди, пул ўтказмалари тўхтайди - бу эса хориждаги қариндошлари юборадиган пулларга қарам бўлган кўпчилик учун яшаб қолишнинг ягона манбаси ҳисобланади.

Америкалик тадқиқотчилар, террорчи гуруҳлар қашшоқлик туфайли ёшларни ёллаши осонлашишидан хавфсирашмоқда.

Ҳамон урушлар давом этмоқда

Дунёдаги 200дан ортиқ давлатдан 30-40тасида қуроллли ҳаракатлар давом этмоқда. Уларнинг аксаридаги томонлар сулҳ тузмоқчи эмас.

«Қуролли зиддиятлар ҳудуди ҳақида маълумот йиғиш дастури» (Acled) 43та давлатни санаган, Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) эса ўз тадқиқотларида 33 рақамини келтирган.

IISS ҳисоботида муаллифлар сўнгги йилларда урушлар туси ўзгарганини қайд этишган.

Урушда биратўла бир неча қудратли давлатлар иштирок этаётган бўлса ва бу давлатлар тўғридан тўғри мунтазам армия орқали эмас, ўз таъсиридаги кучлар - исёнчилар, жангарилар, ёлланма аскарлар, террорчилик тармоқлари ва бошқа жиноий ташкилотлар орқали уруш олиб бораётган бўлса тинчлик музокаралари ўтказиш янада қийинлашиб кетади.

Шу туфайли, дунёдаги урушларнинг 60 фоизи 10 йилдан кам давом этмаслиги ажабланарли эмас.

Acled ҳисоб-китобларига кўра, БМТнинг тинчлик чақириғига 43 давлатдан фақат 10тасида реакция қилинган, шундан фақат 2та давлатда ҳарбий ҳаракатлар чиндан тўхтатилган.

«31 давлатдаги урушлар иштирокчилари глобал сулҳ ҳақидаги чақириқларни нафақат инкор этди, баъзи жойларда, масалан, Ироқ, Мексика, Мозамбик ва Бразилияда ҳарбий ҳаракатлар янада фаоллашди. Умуман олганда, глобал тинчликка чақириқлар натижа бермади», дейилади Acled ҳисоботида.

Гуруҳлардан давлатларгача

Дунёнинг турли давлатларидаги бир неча ҳарбий гуруҳлар уруш болтасини кўмишга рози бўлишди, аммо кўп ҳолларда фақат ёки қисқа муддатга тинчлик ўрнатилди, ёки иккинчи томон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қўшилмади, демакки, ҳақиқий сулҳга эришилмади.

Европа тинчлик институти раҳбари Майкл Китингнинг фикрича эса, кўплаб гуруҳлар қуролларни топшириш ўрнига аксинча, вирус кенг тарқалишидан фойдаланиб, ўз позицияларини мустаҳкамлади.

«Улар биринчи навбатда эпидемия ўзларига қандай ёрдам бериши мумкинлигини ўйлашди. Турли мухолиф гуруҳлар коронавирусдан фойдаланган ҳолда шу вақтгача қила олмаган ишларини қилиб олишни кўзлашмоқда», дея экспертнинг сўзларини келтирган Financial Times.

Масалан, Сомалидаги «Аш-Шабоб» гуруҳи христианларни коронавирус тарқалишида айблашган, касалликни эса мусулмонларга бўлган ёмон муносабат учун жазо сифатида баҳолашган.

«Толибон» Афғонистонда вазиятдан қамоқхоналардаги сафдошлари чиқариб олинишида фойдаланмоқда.

ИШИД вакиллари эса коронавирусни Аллоҳнинг Ғарб дунёсига қарши юборган аскарлари деб атади.

«Боко Ҳарам» жангарилари эса Саҳройи кабир атрофидаги ҳудудларга (Чад, Мали, Нигер, Мавритания ва Буркино-Фасо) ҳужумларни фаоллаштирди.

Америкалик олимлар Ниша Беллинжер ва Кайл Каттелманнинг сўзларига кўра, коронавирус қашшоқ давлатларни янада қашшоқлаштирмоқда ва бу террорчи гуруҳлар ўз сафларини тўлдиришида қўл келмоқда.

«Боко Ҳарам» анча вақтдан буён қашшоқ оилаларнинг фарзандларини ёллашга одатланган, Покистондаги Кашмирни Ҳиндистондан ажратиб олиш учун курашувчи «Лашкари Тойиба» ва «Жайши Муҳаммад» гуруҳлари ҳам гуруҳга содиқлик учун жангариларнинг оила аъзоларига ёрдам ваъда қилади.

Дунё вирус билан курашда банд бўлиб, бошқа фронтлар ҳақида унутганидан фойдаланган ИШИД Сурия ва Ироқда қатор ҳужумларни амалга оширди ва бу билан ушбу радикал гуруҳ минтақада ўзини тиклаши бўйича хавотирларни тасдиқлади.

Washington Institute мутахассиси Аарон Зелиннинг сўзларига кўра, гуруҳнинг «уйқудаги бўлимлари» ҳаракатга келган, АҚШ ИШИД устидан узил-кесил ғалаба қозонилгани ҳақида эълон қилганида ҳам жангарилар Ироқ ва Сурия шимолида мавжудлигини сақлаб қолганди. Бу бўлинмалар президент Башар Асад режимидан норози бўлганларни осонлик билан ўз сафига ёлламоқда.

Рамазон ойида Ироқда 300дан ортиқ ҳужум рўй берди ва бунинг оқибатида 400дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Бундан ташқари, ИШИДнинг турли филиаллари Сурия, Миср, Нигерия, Нигер, Конго ва Мозамбикдаги ҳужумлар учун жавобгарликни зиммасига олган.

Кимлар сулҳ эълон қилди ва бу қандай давом этди:

  • Ливиядаги зиддият томонлари аввалига тинчлик бўйича чақириқларни маъқуллашди, аммо минтақада ҳарбий ҳаракатлар тўхтамади. 15 март куни Триполидаги расмий ҳукумат раҳбари Фоиз Сарож ва шарқдаги ҳудудларни ўз назоратига олган генерал Халифа Ҳафтар кучлари ўртасидаги тўқнашувлар кучайгани, тинч аҳоли вакиллари ва шифохоналарга ҳужумлар уюштирилгани хабар қилинди. 2011 йилда Муаммар Қаззофийнинг ўлимидан кейин парчаланган мамлакатда давом этаётган фуқаролар урушида хориж кучлари ҳам қатнашмоқда - вазиятга камида 12 давлат алоқадор. 2019 йил апрелида Триполига юриш бошлаган Ҳафтар шу вақтгача муваффақиятга эриша олмади, 2020 йил апрелида эса у ўзини Ливиянинг қонуний ҳукмдори деб эълон қилди, аммо бир ой ўтиб унинг армияси пойтахт қамалини тўхтатиб, чекинди. Эндиликда Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сарож армияси Ҳафтар тарафдорлари таъсирига ўтган ҳудудларни қайтариб олишни бошлади. Сўнгги кунларда қўшни давлат - Миср вазиятга аралашмоқда. Ушбу давлат президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий Миср армияси Ливияга киришга ва Ғарб кучларига қарши курашда қабилаларни (Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясини ҳам) қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, Саудия Арабистони ва БАА Мисрнинг Ливиядаги ҳарбий ҳаракатларини молиялаштириши ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
  • 24 март куни Украина президенти Владимир Зеленский Гутерришнинг сулҳ тўғрисидаги чақириғини олқишлади, 26 март куни эса Украина ЕХҲТ орқали Россиядан пандемия даврида Донбассда тинчлик ўрнатилишини таъминлашни сўради. Россия ТИВ 24 март куни БМТ бош котибининг чақириғини қўллаб-қувватлаганди, аммо вазирлик сайтида дунёдаги зиддиятлар рўйхатида Украина кўрсатилмаганди. Россия Украина шарқида ўз армияси қисмлари жойлаштирилганини рад этиб келади ва у ерда фақат россиялик кўнгиллилар бўлиши мумкинлигини тан олади. Апрелда Донбассда ўт очишни тўхтатиш режими бир неча бор бузилди.
  • 2015 йилда ҳусийчиларга қарши курашда Яман ҳукуматини қўллаб урушга қўшилган Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция 9 апрель куни Яманда икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш режими ҳақида эълон қилди, кейин бу муддат бир ойга узайтирилди. Лекин шиа мухолифатчилари сулҳга амал қилмади ва ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай авиазарбалар берилиши давом этди. Дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бирига айланган Яманда 6 йиллик уруш давида 100 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.
  • Россия ва Туркия 5 март куни Суриянинг Идлибида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганди. Бу келишув минтақага коронавирус эпидемияси кириб келган вақтга тўғри келди ва қуролли тўқнашувлар танаффус олди. Гуттеришнинг чақириғига март ойи охирида Сурия демократик кучлари (SDF) ижобий реакция қилишди. Аммо апрель ойи охирида Туркия Сурияни ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда ва Идлибга босимни кучайтиришда айблади.
  • 1 апрель куни толиблар ўз назоратларида бўлган ҳудудларда (Афғонистоннинг 15 фоиз ҳудуди) ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёрликларини маълум қилишди), аммо афғон ҳукумати билан тўлиқ сулҳ тузишмади. 23 апрель куни «Толибон» президент Ашраф Ғанининг муқаддас Рамазон ойида қуролларни топшириш тўғрисидаги таклифини рад этишди. Толиблар эпидемиядан ўзларини мамлакатдаги муқобил ҳокимият сифатида кўрсатишда фойдаланишди. Улар аҳолига озиқ-овқат, тиббий ниқоблар тарқатишди ва вирусдан ҳимояланиш йўлларини ўргатишди.
  • Колумбияда 50 йилдан буён ҳукумат билан курашиб келаётган «Миллий озодлик армияси» 1 апрель куни 1 ой муддатга сулҳ ҳақида эълон қилишди, аммо Колумбия ҳукумати ўзига бундай мажбуриятни олмади. 19 апрелдан эса бошланган ҳафтада эса уюштирилган ҳужумлар сони йил бўйича рекорд даражага етди.
  • Камерун жанубидаги исёнчилар 22 март куни икки ҳафталик ўт очиш режими ҳақида эълон қилишганди, аммо Acled ҳисоботига кўра, мамлакатдаги бошқа айирмачи гуруҳлар тинчлик ташаббусини қўлламаган ва Камерун ҳукумати билан ярашмаган.
  • Филиппиндаги коммунист исёнчилар март ойида ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилишганди, кўп ўтмай ҳукумат ҳам тинчлик ташаббусига қўшилишди. Аммо жанглар буткул тўхтамади.
  • Ҳиндистонда наксалитлар деб аталувчи маочи жангарилар 5 апрель куни тинчлик ҳақида эълон қилишганди ва ҳукуматга жавоб учун 5 кун муҳлат беришди. Ҳинд ҳукумати эса ультиматумга эътиборсизлик билан қаради. Шундан кейин исёнчилар ҳам маҳаллий даражадаги ҳужумларини давом эттиришди.
  • 8 апрель куни «Миллий озодлик армияси - Папуа озодлиги ҳаракати» - Индонезиядан шарқий провинцияларини (Ғарбий Папуа ва Папуа) ажратиб олиш учун курашувчи радикал гуруҳ сулҳга тайёрлигини эълон қилди. Индонезия ҳукумати бунга ҳеч қандай муносабат билдирмади, Acled томонидан қайд этилишича, минтақада зўравонлик ҳаракатлари ҳам тўхтамаган. .
  • Май ойида Мьянма барча исёнчи гуруҳлар билан сулҳ тузишга тайёрлигини маълум қилганди, фақат Ракхайн штатида ҳукуматга қарши курашни давом эттираётган роҳингялар бундан мустасно эди.
  • Таиланддаги айирмачилар ҳаракати - «Миллий инқилобий фронт» (BRN) 17 март куни давлат муассасасини портлатди, у ерда коронавирусга қарши чоралар муҳокама қилинаётганди. Икки ҳафта ўтиб, 3 апрель куни гуруҳ вакиллари қуролларни топширишга розилик билдиришди. Таиланд ҳукумати ва мусулмон динига мансуб айирмачиларнинг Малайзия билан чегара ҳудудидаги тўқнашувлари 2004 йилдан буён давом этиб келади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!