Инглиз тилидаги энг узун сўзни биласизми?

Инглиз тилидаги энг узун сўзни биласизми?

Бугунги кунда дунё аҳолиси 7 мингга яқин тилда сўзлашади. Бироқ уларнинг бир неча ўнтасигина у ёки бу мамлакатда расмий мақомга эга бўлиб, жаҳон аҳамиятига молик тиллар қаторида туради. Хусусан, БМТнинг 6 та расмий иш тили мавжуд: инглиз, араб, хитой, француз, рус ва испан тиллари.  БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКОнинг 2010 йилда қабул қилган қарорига асосан мазкур тилларнинг ҳар бири учун халқаро тил куни белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ 23 апрель — халқаро инглиз ва испан тили куни, 18 декабрь — халқаро араб тили куни, 20 апрель — халқаро хитой тили куни, 20 март — халқаро француз тили куни, 6 июнь — халқаро рус тили куни деб эълон қилинган.

Нега айнан 23 апрелда Инглиз тили куни нишонланади?

Ҳар йили буюк инглиз ёзувчиси, жаҳоннинг номдор драматурги Уилям Шекспир туғилган кун — 23 апрелда Инглиз тили куни нишонланади. Ушбу кун Шекспирнинг туғилган куни ва унинг вафотининг йиллиги деб тахмин қилинганлиги сабабли танланган. Шекспир инглиз тилининг ривожланиш тарихидаги энг буюк ёзувчилардан бири саналади. У инглиз тилидаги энг таниқли драматург бўлгани билан бирга замонавий инглиз тилига ҳам катта таъсир кўрсатди. Унинг песалари ҳанузгача нашр этилишда давом этмоқда, вафотидан деярли 400 йил ўтгач театрларда намойиш этилди ва дунё саҳнасини кўрди.

Дунё бўйлаб 1,75 миллиарддан ортиқ киши инглиз тилида гаплашади — бу дунёдаги ҳар 4 кишидан 1 таси демакдир.

Инглиз тили тарихига назар ташлайдиган бўлсак, инглиз тили қадимги герман қабилаларининг тилларидан келиб чиққан. Инглиз тили Англиянинг Aнгло-Саксон қиролликлари ҳамда ҳозирги жанубий-шарқий Шотландия ерлари аввалги Нортумбрия қироллигида вужудга келди. Тарихий манбааларга кўра, эски инглиз тили жуда кўплаб шевалар туркумини ўз ичига олади. Қадимий инглиз тили 4 та шевага бўлинган: нортумбрия, ғарбий саксон, мерсия ва кент шевалари. Бу шевалар туркуми Буюк Британиянинг шарқий қирғоғига немис қабилалари бўлмиш англо-саксонлар томонидан келтирилган. English (инглиз) сўзи Angles сўзидан келиб чиққан бўлиб, бу халқнинг ажододлар юрти Ангелн ҳозирги Шлезвиг Голштейн (Schleswig-Holstein) бўлган. Буюк Британиянинг 17 ва 20 аср ўртасидаги кучли ривожланиши ҳамда АҚШнинг 20 асрдаги дунёвий таъсири остида инглиз тилининг халқаро нуфузи ошди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тиллар кунининг нишонланишидан кўзланган мақсад кўп тилли ва маданий хилма-хилликни нишонлаш, шунингдек, бутун олти расмий тилдан бутун ташкилотда тенг равишда фойдаланишни рағбатлантириш эди.

Инглиз тили кунининг халқаро доирада нишонланишидан мақсад эса одамларни тарих, маданият ва тил билан боғлиқ ютуқлар ҳақида хабардор қилишдир. Ушбу кунда кўпинча китоб ўқиш тадбирлари, инглиз тилида викториналар, шеърлар ва адабиётлар алмашинуви ва инглиз тилини тарғиб қилувчи бошқа тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистонда инглиз тили ёшлар орасида оммалашиб бормоқда, чунки тил билими хорижий Олий ўқув юртларининг маҳаллий филиалида ёки бевосита хорижий Олий ўқув юртларида таълим олиш имконини беради.

Ўзбек таълим тизимида ўқувчилар бошланғич синфларда инглиз тилини ўргана бошлайдилар. Инглиз тили курслари жуда машҳур. Болалар учун ёзги тил лагерлари ташкил этилмоқда. Ўқитувчилар малакасини ошириш ва инглиз тилини ўргатувчи профессионал кадрлар билан таъминлаш ҳукумат томонидан тобора кўпроқ эътиборга олинмоқда.

Инглиз тили куни нималарга амал қилиш керак?

— Уилям Шекспирнинг кўплаб пьесаларидан бирини ўқинг. Унинг энг машҳур пьесалари: Ромео ва Жулиетта, Гамлет, Қирол Лир, Отелло ва Қирол Генрих IV.

— #EnglishLanguageDay, #English# ва #EnglishDay# хештегларида иштирок этинг.

— Фильмни одатдагидан бошқа инглизча талаффузда (аксент) томоша қилинг. Мана бир нечта тавсиялар:

  • Ирландча талаффузда: The Field (1990), Intermission (2003), Once (2009).
  • Шотланд талаффузида: The Decoy Bride (2011), Brave (2012), The Angels’ Share (2012)
  • Ҳиндча талаффузда: Monsoon Wedding (2001), Slumdog Millionaire (2008)
  • Австралия талаффузида: Crocodile Dundee (1986), The Babadook (2014)

— “Инглиз тарихи, инглиз ва инглизларнинг саргузаштлари: тилнинг туғилиши” каби ҳужжатли фильмни томоша қилиб, инглиз тилининг эволюцияси ҳақида бироз кўпроқ маълумот олинг.

Инглиз тили куни билан боғлиқ муҳим фактлар

— Дунё бўйича тахминан 106 та мамлакатда инглиз тилини биринчи тил сифатида ишлатилади ва 339 миллионга яқин асосий тил сифатида сўзлашадиганлар мавжуд (яъни бу уларнинг биринчи ва асосий тилидир).

— Ҳозирги кунда мавжуд бўлган инглиз тили “кечиккан замонавий инглиз тили” деб номланади. У 1800 йилларда пайдо бўлган ва унинг замонавий инглиз тилидан энг катта фарқи шундаки, унда саноат инқилоби даврида янги технологияларни номлаш учун яратилган кўпроқ сўзлар мавжуд.

— Дунёдаги ҳар бир иккинчи киши иш жараёнида ҳар куни инглиз тилидан фойдаланади.

— Бутун дунёдаги билимларнинг 80 фоизи инглиз тилида сақланади.

— Инглиз тилида сўзлашувчилар англофонлар дейилади.

— Инглиз тилида энг узун сўз ҳисобланадиган сўз ҳам мавжуд — бу Pneumonoultramicroscopicsilicovolcanoconiosis. Бу сўз инглиз тилида ҳақиқатан ҳам ишлатилишига ишониш қийин. У касалликни ва унинг номланишини англатувчи сўз сифатида таржима қилинади.

Иқбол Абдумажидов,
 Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ етакчи мутахассиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!