Жанубий Кореяда коронавирусни даволашда қўлланиладиган дори воситаси танлаб олинди

Жанубий Кореяда коронавирусни даволашда қўлланиладиган дори воситаси танлаб олинди

Жанубий Корея Хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари вазирлиги янги турдаги коронавирусни даволашга ёрдам берадиган «Ремдесивир» антивирус дори воситасини харид қилишга рухсат берди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликлар профилактикаси ва назорати марказига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

АҚШда 1 май куни COVID-19’ни даволашда «Ремдесивир» вирусга қарши дори воситасидан фойдаланишга рухсат берилган. У ўз навбатида Эбола касаллигига қарши курашиш учун яратилган, бироқ ўшанда унинг самарадорлиги исботланмаган. Кейинроқ у SARS ва MERS инфекцияларини даволашда қўл келган. Мазкур дори воситасини Американинг Gilead Sciences биофармацевтика компанияси ишлаб чиқаради. Унинг клиник синовлари айни вақтда халқаро олимлар гуруҳи томонидан COVID-19’нинг оғир шакли билан касалланган беморлар устида ўтказилмоқда.

Таъкидланишича, вазирлик «Ремдесивир» импортига унинг бошқа мамлакатларда фойдаланилаётгани ва зарурлигини ҳисобга олиб рухсат берган.

Дори воситасини Жанубий Кореяга Gilead Sciences Коrеа компанияси алоҳида импорт тизими бўйича етказиб беради. Алоҳида импорт тизими фавқулодда ҳолатларда рухсат этилмаган дори воситаларини олиб киришда, эпидемияни даволашда ёки жамоат соғлиғини таъминлашда қўлланилади.

Шифохоналарда COVID-19 билан касалланган оғир аҳволдаги беморларни даволашда мазкур дори воситасидан фойдаланиш таклиф этилади. Бу каби беморлар мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг тахминан 5 фоизини ташкил этади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 11 590 нафарга етган. Тузалганларнинг умумий сони 10 467 кишини, вирус қурбонлари сони 273 кишини ташкил қилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!