Бухорода катта жиноий гуруҳ содда аёлни салкам 900 миллион сўмга чув туширди

Бухорода катта жиноий гуруҳ содда аёлни салкам 900 миллион сўмга чув туширди

Ўша куни Сабоҳат (исм-шарифлар ўзгартирилди) Сурайё қарз сўраб келганда, йўқ дея олмади. Шунга муҳтождирки, умид билан келибди. Йўқ, десам, одамгарчиликдан бўлмас, деган истиҳолада танишининг раъйини қайтармади, сўраган пулини берди.

Бироқ қарзни қайтариш муддати ўтиб кетса-да, Сурайёдан садо чиқмади. Шу боис Сабоҳатнинг ўзи бу ҳақда гап очди.

– Ҳа, дарвоқе, сиздан қарз олгандим-а, — деди у айни шу дамда ёдига тушиб қолгандек. Кейин эса, Сабоҳатга юзланди-да, бошқа нарсани гапирди. – Мабодо сизга давлат курсида доллар керак эмасми?!

Ўшанда доллар курси қора бозорда анча баланд эди. Шу боис банк муассасасидан олган одам фойда остида қоларди.

Сабоҳат унинг гапларини хаёлидан ўтказаркан, қарзини сўраб келгани ҳам эсидан чиқиб кетди, Сурайёнинг таклифи қизиқтириб қўйди. Шу боис у “Бунинг иложи борми?!” — деб сўради.

Буёғини сўрасангиз, Сурайёнинг амакиси Жасур Хонназаров Тошкентда банк бошқарувчиси экан. Амакиси ёрдами билан Сурайёнинг укаси Уйғун Бухоро шаҳридаги банклардан бирининг кредит бўлимига ишга кирган. Бундан ташқари, амакиси ўзининг шогирди Шавкат Зиёевни Бухоро туманидаги банкнинг валюта бўлими бошлиғи вазифасига ишга жойлаган экан. Шунинг учун хориж валютасини давлат курсида сотиб олиш чўт эмас.

Сурайё бу гапларни айтаркан, Сабоҳатдан сўраб ўтирмай дарров Шавкатга қўнғироқ қилади. Улар ҳол-аҳвол сўрашгач, “Шавкатжон, менинг бир опахонимга давлат курсида АҚШ доллари олиб бера оласизми?!” — дея сўрайди. Нариги тарафдан “опангизнинг оғзи маҳкамми, эртага гап чиқмайдими?!” — сўрайди Шавкат.

Ўша кун уйга қайтгач ҳам Сабоҳатга доллар олиш фикри сира тинчлик бермайди. Эртаси, яъни 2017 йилнинг 29 июнь куни, у Сурайёга қўнғироқ қилиб, доллар ҳақида гап очади. Кўп ўтмай Шавкатнинг ўзи телефонда Сабоҳат билан боғланади. Бухоро давлат кимё-технология институти олдида учрашишгач, Шавкат ўзини янада яқиндан таништиради. Илгари у Тошкент шаҳридаги банкда Жасур ака билан ишлагани, ҳозир ишини Бухоро туманига кўчиргани, отаси Абдулло Зиёев муқаддам миллий хавфсизлик хизматида ишлагани-ю, айни пайтда нафақада экани, “555” қаҳвахонанинг қаршисидаги ҳовлида яшашини айтади. У Сабоҳатдан ҳозирча 500 АҚШ доллари сотиб олмоқчи эканини эшитгач, пулни топгандан сўнг ўзига қўнғироқ қилишни тайинлайди.

Сабоҳат қўли узатган томонга етадиган бундай одамлар билан танишганидан хурсанд эди. Шу боис у 2 миллион 100 минг сўм тахт бўлгач, Шавкатга қўнғироқ қилади. Ўз навбатида, Шавкат киракаш Холназарни пулни олиб келишга жўнатади.

* * *

Орадан ўн кун ўтгач, ҳали-ҳануз қўлига доллар тегмаган Сабоҳат Шавкатга қўнғироқ қилиб, нохуш хабар эшитади. Нима эмиш, Шавкатнинг ишхонасида муаммо чиқибди. Шуни ҳал этадиган одамнинг “кичкина илтимоси” бор экан. Бир дона катта кондиционер эмиш. Шавкат Сабоҳатга йигирма кун ичида пулини қайтаришини айтиб, яна ёрдам сўрайди.

Ҳаётда ҳар хил вазият учрайди, кўнглидан кечиради Сабоҳат ва ҳатто Шавкатга раҳми келади. Дўкони бор дугонаси Дилдорага қўнғироқ қилиб, қарз дафтарига ёзиб қўйиб, бир дона кондиционер бериб юборишни тайинлайди. Оқибатда, Сабоҳат 750 АҚШ доллари қарз бўлиб қолади.

Шавкат деганлари тиниб-тинчимас одам экан, орадан кўп ўтмай у яна Сабоҳатга қўнғироқ қилади. Ҳалигача муаммодан қутулмабди, тағин 1 миллион 700 минг сўм керак экан. Сабоҳат яна уйига келган  Холназардан пулни бериб юборади.

Икки минг ўн еттинчи йилнинг 20 август куни эрталаб Сурайё Сабоҳатникига келади. “Шавкатнинг онасига зудлик билан 300 АҚШ доллари керак, бир кунга бериб туринг” дейди у. Сабоҳат яна сўралган пулни бериб юборади. 3 сентябрь куни эса Шавкат Сабоҳатга қўнғироқ қилиб, аввал узр сўрайди. Кейин одамлар устидан прокуратурага шикоят ёзгани, ишни тинчитишга 700 АҚШ доллари зарурлигини айтади. Бу гал Холназар эмас, Шавкатнинг ўзи 500 АҚШ долларини Сабоҳатдан олиб кетади.

Шавкатнинг кейинги гал қўнғироқ қилганида кайфияти ниҳоятда яхши эканлигини сезган Сабоҳат у шикоятчиларни тинчитибди-да, деб ўйлайди. Бироқ бошқа бир гап бор экан. Шавкат Тошкентга тезда кетиши керак. Устози Жасур ака уни банкка аввалгидан ҳам яхшироқ ишга чақираётганмиш. Бу уст боши билан бориб бўлмайди. “Бирор-бир танишингиз бўлса, кийинар эдим”, дейди у.  Ана шу суҳбатдан сўнг Сабоҳат жиянларига қўнғироқ қилади. Шавкат уларнинг дўконидан 2 миллион 200 минг сўмга кийим бош олиб, пулини Сабоҳатнинг номига ёздириб кетади.

Орадан бир неча кун ўтгач, ярим тунда Сабоҳатнинг қўл телефони безовта жиринглайди. Шавкат экан. Онаси бетоб бўлиб қолибди. Холназар келяпти эмиш. 2 миллион сўм пул керак. Сабоҳат яна ҳожат чиқаради.

Устози Жасур аканинг кўмагида пойтахтдаги нуфузли банкда мартабага эришган Шавкат ўзини қўллаб туриш, келгусида опа-ука бўлиб қолишлиги ва кўп ёрдами тегишлигини айтганига Сабоҳат ишонади. Нархи 200 АҚШ долларлик “Самсунг” русумли уяли телефон аппарати, 850 минг сўмга қишки пойабзал ва спорт кийими олиб, 400 минг сўм пул ва 120 АҚШ долларини машинасида келган Холназар орқали унга жўнатади.

– Совғалар учун раҳмат опа, – қўнғироқ қилади Шавкат. – Сизга ҳам яхши бир хабарим бор. Отамнинг синглиси яъни Мунаввар аммам ўғли Фаррухга келин ахтараётганди. Фаррух телеграмда қизингиз Дилбаҳорни кўриб, ёқтириб қолибди. Яқинда уйингизга совчи борса, йўқ демассиз?!

Сабоҳат миллий хавфсизлик хизматида ишлаб, нафақага чиққан Абдулло Зиёевдек обрўли одамнинг жиянига қизи тушишини кўнглидан ўтказаркан, Шавкатдан ва у билан таништирган Сурайёдан мамнун бўлади.

Кейин анча пайт Шавкат худди қудуққа тош ташлагандек, жим бўлиб кетади. Совчилардан ҳам дарак йўқ. Фақат Сурайё Сабоҳатникига келганида бунинг сабаблари ойдинлашади. Тошкентда Шавкат кимгадир қарз берган. Қарзни қайтармагач, ўрталарида жанжал чиққан. Шавкат уни пичоқлаб қўйган, ҳозир қамоқда.

* * *

Орадан ўн кун ўтиб, аниқроғи 5 декабрь куни бир аёл Сабоҳатга қўнғироқ қилади. Ўзини Шавкатнинг аммаси, Фаррухнинг онаси, бўлажак қудаси Мунаввар деб таништиради. Мунавварнинг айтишича, Шавкат ва унинг ота-онаси ҳозирда Қорақалпоғистонда тергов беряпти. Шавкат доллар қилиб бераман, деб кўп одамдан пул олган. Қамалиб кетмаслиги учун уларнинг пулларини қайтариш керак. Агар нақд пул бўлмаса, мебель ёки уй-рўзғор буюмлари ҳам бўлаверади.

Мунаввардан совуқ хабарни эшитган заҳоти Сабоҳат Сурайёга қўнғироқ қилади. Иккаласи вилоят касалхонаси яқинидаги дўкондан 4 миллион 500 минг сўмлик юмшоқ мебелни олдиндан 500 минг сўм бериб, қолганини Сабоҳатнинг номига қарзга ёздириб, олишади. Бундан ташқари, Сабоҳат дугонаси Дурдонанинг дўконидан баҳоси 1000 АҚШ долларилик музлаткич, 200 АҚШ долларилик “Хитачи” русумли чанг ютгич, баҳоси 70 АҚШ долларилик печь, 200 АҚШ долларилик микротўлқинли печ, 500 АҚШ долларилик “Броун” русумли комбайн, 300 АҚШ долларилик кир ювиш машинасини ўзининг номига ёздириб, Сурайёдан бериб юборади.

Зора энди қулоғим тинчиса, деб ўйлаганди Сабоҳат. Лекин 10 декабрь куни Сурайё ташвишли оҳангда  қўнғироқ қилади ва дейди: “Яна 6 миллион 500 минг сўм керак, акс ҳолда Шавкатнинг иши битмайди”.

– Қачонгача бундай бўлади, – фиғони фалакка кўтарилади Сабоҳат. –Улар мендан олган пулларни қачон қайтаришади?

– Менга ишонинг, – жавоб қилади Сурайё. – Шавкат қамоқдан чиққач пулларингизни икки-уч кунда тахлаб беради.

Бу гапдан Сабоҳат бироз ҳовуридан тушади. Сўнгра қарз бериши мумкин танишларини бирин-кетин кўз ўнгидан ўтказади. Ўзига анчайин таниш Илҳомдан 6 миллион 500 минг сўм олиб, Сурайёга тутқазади.

Сабоҳат дунё ташвишларини бироз четга суриб, дам олмоқчи эди. Кутилмаганда бир қиз йиғламсираб қўнғироқ қилди. Гулмира экан, қуда бўлмоқчи Мунавварнинг қизи эмиш. Мунавварни уч кунга қамаб қўйишибди. Уни чиқариш учун адвокатга пул бериш керак. Тилла тақинчоқларини Гулмира заргарлик дўконига топширган. Лекин бугун-эрта улар сотиладиган кўринмайди. Пул бўлгунча 4 минг АҚШ доллари сув билан ҳаводек зарур.

Гулмиранинг илтимосини ерда қолдирса бўлмас… Сабоҳат бўлажак қудамиз зиқна экан, деган фикрга бормасин деб ўйлайди. Фирмачи Бахтиёрдан икки маротаба 2 мингдан жами 4 минг АҚШ доллари қарз олиб, Гулмирага етказиш учун Сурайёдан бериб юборади.

* * *

Абдулло ака қўнғироқ қилганди, Сабоҳатнинг кўнгли ёришди. У  дастлаб янги йил байрами билан табриклади. Анча ташвиш ва харажатга қўйганидан хижолатда эканлигини айтиб, Сабоҳатдан узр сўради. Сўнгра мақсадга кўчди.

– Менга ёрдам беринг, – деди у. – Ўзимизда ҳам, хорижий давлатларда ҳам мулким бор. Яратганнинг ҳозирги синовли кунларидан ўтиб олайлик, ҳаммаси изга тушади. Харажатларингизни кўнглингиздагидан ортиқ қилиб, қайтараман…

Абдулло ака Шавкатни банкнинг валюта бўлимига ишга қўйиб хато қилгани, ўғли жиноятга қўл ургани, ҳозир одамларнинг пулларини қайтараётганини айтиб, 2 минг АҚШ доллари топиб беришни сўрайди.

Сабоҳат таниши Дилафрузнинг уйига бориб, ундан 2 минг АҚШ доллари олади ва Абдулло акага элтиб бериш учун Сурайёни чақиради. Кўп ўтмай Абдулло ака яна пул сўраб қўнғироқ қилганида, тағин у Дилафруздан 1 минг 800, 20 январь куни эса ундан 2 минг АҚШ доллари қарз кўтаради. Ўзидан 500 АҚШ доллари қўшиб, Сурайёдан бериб юборади.

Кутилмаганда, февраль ойининг бошларида Сабоҳатга Фаррух қўнғироқ қилади.

– Хабарингиз бўлса, Шавкат аканинг ишларига мен ҳам аралашиб қолгандим, – дейди бўлажак куёв. – 600 АҚШ доллари  керак, ёрдам беринг. Сурайё опага берсангиз, менга етказади.

Сабоҳат бу сафар Наташа исмли аёлдан 600 АҚШ доллари қарз олади.

Халқимизда “Қарз сўраганнинг бир юзи, қарз берганнинг икки юзи қора” деган нақл бор. Олинган қарз қайтарилиши керак. С.Юсупова   нафақат юқорида тилга олинганлар, балки бошқа алдов замиридаги илтимослар учун ҳам кўпчиликдан катта миқдорда қарз кўтарганди. Қарз берганлар пулларини сўраб кела бошлайди. Шунда у ўртада воситачилик қилаётган Сурайё Хонназаровага бу ҳақда айтади. Сурайё эса Сабоҳатни шаҳарнинг “Согдиана” қаҳвахонаси яқинидаги ҳашамдор ҳовлилар олдига эргаштириб боради. “Мана шу ҳовлилар Абдулло акага тегишли, – дейди қўли билан кўрсатиб. – Уларни сотиш учун ҳужжатларини тўғрилаяпти. Ҳар бири 25 минг АҚШ долларидан кетади. Сизга 15 минг АҚШ долларидан нархлаб беради. Шундай экан, қарзни ўзингизнинг ҳисобингиздан қайтарсангиз ҳам кам бўлмайсиз”.

Бу алдовдан сўнг Сабоҳат ўзининг “Матиз” русумли автомашинасини сотувга қўяди. Сотувдан тушган 3 минг 300 АҚШ доллари билан танишларидан олган қарзнинг бир қисминигина узади.

Бу дунёда ўта ишонувчан ва соддадил бўлиш яхши эмас экан. Агар ўхшатиш жоиз бўлса, дарахтнинг бўшига қурт тушишлиги шундан бўлса керак-да. Ўта даражада кўнгилчан С.Юсупова муқаддам фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноятларни содир этиб, саккиз маротаба суднинг қора курсисига ўтирган, жазони ўтаса-да, тўғри йўлга тушмаган, одам қиёфасидаги иблис С.Хонназарова ва унинг томонидан пухта тузилган жиноий режани амалга оширишда иштирокчилик қилаётган шериклари тузоғига тушиб қолганди.

* * *

Мўмай бойликдан маззахўрак бўлган С.Хонназарова қилмишлари ошкор бўлиб қолмаслиги ҳамда С.Юсуповани алдаб, уни тағин мулкини беришга мажбур ҳолга келтириш жиноий ҳаракатига тушади. Унинг жиноий топшириғи билан бир куни Абдулло Зиёев Сабоҳатга қўнғироқ қилади. “Сизнинг номингизга барча мулкларим ва пулларимни ўтказмоқчиман, – дейди у Сабоҳатдан фуқаролик паспорти маълумотларини сўраркан. –Тошкентдаги уйларим, Москва шаҳридаги дўконим, Қорақалпоғистондаги мураббо ишлаб чиқарадиган кичик заводим ҳам сизники бўлади”.

Аслини олганда, жабрланувчини хавфсизлик хизматининг собиқ ходими “Абдулло Зиёев”ман деб алдаб келаётган шахс, 1980 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, бор-йўғи ўрта маълумотга эга, оиласидан ажрашган ва тайинли бир ишнинг бошини тутмаган Жаҳонгир Омонов эди. Фирибгар С.Хонназарованинг топшириғига кўра, С.Юсуповани куракда турмайдиган ёлғонлари билан авраган бу кимса муқаддам дастлаб икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган. Иккинчи маротаба у Бухоро вилоят судининг 2001 йил 26 февралдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, муддати 17 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Воқеа тафсилотига қайтадиган бўлсак, “Абдулло Зиёев”нинг мавжуд бўлмаган мулк ва пуллари ўзининг номига ўтишини эшитган С.Юсупова “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ” деб эскилар бекорга айтишмаган экан, дея қувонади. Қувончи узоқ чўзилишига асос туғилганди. Негаки, Абдуллонинг қўнғироғидан чамаси бир соатлар ўтиб, у билан Россия Федерациясидан боғланишади. Москва шаҳридан банк ходимаси Адександра Ивановна деб ўзини таништирган аёл ҳам Сабоҳатдан фуқаролик паспорти маълумотларини сўрайди. “Сизнинг номингизга чет давлатлардан аввал 240 минг, кейин 160 минг АҚШ доллари миқдорида пул тушгани тўғрисида “уведомление” келди” дейди у…

Шу ўринда ойдинлик киритадиган бўлсак, “Александра Ивановна”, шунингдек воқеа тафсилотидан сизга таниш “Мунаввар”нинг қизи “Гулмира” сифатида телефон қилган аёл Сабина Дўстмуродова эди. 1975 йилда Қизилтепа туманида туғилган, ўрта маълумотли, оиласидан ажрашган С.Дўстмуродова муқаддам товламачилик ва одам ўлдиришга суиқасд қилишда айбланиб, судланган. Жазони ўташ чоғида С.Хонназарова билан танишган. Бу фирибгар айни чоғда Когон шаҳрида яшаб келган.

“Александра Ивановна” фириб ўчоғига ўт қалаётган С.Хонназарованинг жиноий топшириғи билан 2018 йилнинг 21 май куни рақами яширинган телефондан Сабоҳатга қўнғироқ қилади. Ҳисоб рақамига 140 минг АҚШ доллари тушгани сабабли банкка 380 АҚШ доллари миқдорида пул тўлаши лозимлигини айтади. “Бизнинг банкка пулингизни ўтказиб берадиган одам сизга учрашади, кутинг” дея телефонни ўчиради. Кўп ўтмай уникига “Москвага 380 АҚШ доллари жўнатишим керак экан” деб Сурайё кириб келади.

Бўёғини эшитсангиз, “Александра Ивановна” Португалия, Белгия ва бошқа давлатлардан 24 май куни 105 минг, 25 май куни 110 минг, 30 май куни 160 минг АҚШ доллари миқдорида ҳисоб рақамига пул тушганини айтиб қўнғироқ қилади. Уларнинг “уведомления”си, “пеня”си, “довостребования”си учун 820 мингдан – 1 минг 200 АҚШ долларигача миқдорида тўловларни амалга оширишни сўрайди.

Аввал қилинган катта миқдордаги чиқимлардан сўнг тилга олинаётган бунча пулни топиш осон эмас. Сабоҳат эса, саробга ишониб уйдаги мебеллар, рўзғор буюмлари, тилла тақинчоқлар, ҳаттоки кийилмаган янги пойабзалларини ҳам сотади, баъзиларини гаровга қўйиб, қарз кўтаради.

Бир гал “Александра Ивановна” банк хизмати ҳақига пул ўтказиш зарурлигини айтиб, қўнғироқ қилганида Сабоҳат нега ҳанузга қадар пуллари Ўзбекистонга етиб келмаётганини сўраган.

– Сизларда банкда ўтирганлар ишни билмаса, биз айбдорми, – жавоб қилади “Александра Ивановна”. – Яхши, – дейди у, – банкимиз ҳуқуқшуноси Прохоров билан банк бошқарувчиси Борис Николаевич пулнинг тушмаслик сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистонга боришмоқчи. Уларнинг бориб-келиш харажатлари учун 1 минг 200 АҚШ доллар жўнатинг.

Афсуслар бўлсинки, С.Юсупова бу алдовга ҳам ишонади. Хорижлик банк ходимлари Ўзбекистонга келиб ишини ҳал қилиб беришлиги учун С.Хонназаровага 1 минг 200 АҚШ доллари топиб беради. Эртаси куни “Александра Ивановна” телефон қилиб, ҳисоб рақамига транзит билан 290 минг АҚШ доллари кўчирилгани, Бухоро уни қабул қилмагани учун бу пуллар Тошкентга “Миллийбанк”ка ташлаб берилганини айтади.

Бирпас ўтиб, Тошкентдан қўнғироқ бўлади. Ўзини Акбар Нуриллаев деб таништирган киши “Шавкатнинг отаси Абдулло аканинг шогирдиман, хориждан тушган пулларингиз “Миллий банк”да тахланяпти. Сиздан банк хизмати ҳақига 420 АҚШ доллари тўлов бўлиши керак” дейди.

“Абдулло Зиёев”, “Александра Ивановна”ларнинг қўнғироқлари тўғри эканлигини тасдиқлаган бу хабардан жуда мамнун Сабоҳат хурсандчилигини Сурайё билан баҳам кўради. Тошкентдан айтилган 420 АҚШ долларни тўлов қилиш учун Сурайёга бериб юборади.

Қисқаси, фирибгарликда тулкига ҳам чап беришга қодир С.Хонназарова 2017 йилнинг июнь ойидан қамоққа олинган 2018 йилнинг 24 сентябрига қадар жабрланувчи С.Юсупованинг ишончига кириб, уни алдаган ва ана шу ишончни суиистеъмол қилиб, мол-мулкини ўзлаштириб келган. Фирибгар С.Хонназарова жиноий фаолияти давомида яна бошқа бир фуқаро Ф.Чоршамовани ҳам “чув” туширганди. У.Чоршамованинг уйидан Туркия давлатида ишлаб чиқарилган турли хилдаги кийим-кечаклар, оёқ кийимлари, маиший техника ускуналари, ошхона жиҳозлари ва турли идиш-товоқларни алдов йўли билан олиб кетиб, жабрланувчининг 48 миллион 55 минг 442 сўмлик мулкини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборганди.

* * *

Энди кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ушбу фирибгарлик жиноятининг бошқа иштирокчиларига тўхталадиган бўлсак, С.Хонназарова Сабоҳатни доллар сотиб олишга қизиқтириб, Шавкат билан таништирганди. Воқеада келтирилганидек, “Шавкат Зиёев” банкка умуман алоқадор одам эмас. У Сурайёнинг ҳамтовоғи Келдиёр Ражабов эди. Жиноий кирдикорлари очилиб қолишидан қаттиқ хавотирга тушган К.Ражабов қаергадир қочиб кетган ва у ҳозир ҳам қидирувда.

Воқеалар давомида тилга олинган банк бошқарувчиси “Жасур Хонназаров”, Сурайёнинг Бухоро шаҳар банкларидан биридаги кредит бўлимида ишловчи укаси “Уйғун”, Москва шаҳар банки бошқарувчиси “Борис Николаевич”, ҳуқуқшуноси “Прохоров”лар аслида йўқ одамлар. Ғаразли мақсадини амалга ошириш учун С.Хонназарова уларни ўйлаб топган.

Шавкатнинг аммаси, Фаррухнинг онаси, С.Юсупованинг бўлажак қудаси “Мунаввар” деганлари Зулфия Аширматова эди. “Кўр кўр билан қоронғуда топишади” деганларидек, З.Аширматованинг ижтимоий келиб чиқиши судланувчи С.Хонназарова ва С.Дўстмуродоваларникига айнан ўхшаш. “Мунаввар”нинг ўғли, бўлажак куёв “Фаррух” сифатида жиноий фаолиятда Шербек Раҳматов қатнашган. Мазкур жиноят ишида Мамашариф Йўлчиев ва Барно Усмоновалар ҳам бошқа судланувчилар сингари иштирокчилик қилишган.

Тошкентдан жабрланувчига “Абдулло аканинг шогирдиман” дея пули тахланаётгани ҳақида хабар қилган “Акбар Нуриллаев”нинг шахси номаълум. С.Хонназарова ушбу шахси номаълум кимсага кўчада айтиб туриб, С.Юсуповага қўнғироқ қилдирган.

Шундай қилиб, С.Хонназарова бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жабрланувчи С.Юсуповага жами 829 миллион 579 минг 762,92 сўмлик жуда кўп миқдорда зарар етказган. Жабрланувчига етказилган зарарнинг 93 миллион 829 минг 315 сўмигина қопланган. Ф.Чоршамовага С.Хонназарованинг етказган моддий зарари 48 миллион 55 минг 422 сўм.

Судланувчи С.Хонназарова Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли топилди. Биринчи босқич суди унга нисбатан Жиноят кодекси 59-моддаси тартибида  узил-кесил ўташ учун 6 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм ўқиди. Худди шунингдек, судланувчилардан С.Дўстмуродова 6 йил 4 ой, Ж.Омонов 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Суд судланувчилардан З.Аширматова, Ш.Раҳматов, М.Йўлчиев, Б.Усмоноваларга жабрланувчига етказган зарарни қоплаганликлари ва жазони енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларни инобатга олиб, тегишли муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

* * *

Суд амалдаги қонунлар ва Олий суд Пленумининг 2016 йил 27 декабрдаги “Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори раҳбарий тушунтиришларига асосланиб, жабрланувчиларнинг қонуний манфаатини тўлиқ таъминлади. Етказилган зарарнинг қопланмаган қисми С.Хонназарова, С.Дўстмуродова ва Ж.Омоновлардан солидар тартибда жабрланувчи С.Юсупова фойдасига ундириладиган бўлди. Шунингдек, судланувчи С.Хонназаровадан жабрланувчи Ф.Чоршамовага етказилган 48 миллион 55 минг 422,5 сўм зарар ундирилиши суд ҳукмида қайд этилди.

Дастлабки тергов органи томонидан хатланган Ж.Омоновнинг номидаги “Матиз” русумли автомашина жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилди.

* * *

Ҳамиша равон кечмайдиган, паст-баландликлардан иборат бу ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш ниҳояси афсус-надоматга сабаб бўлган. Хусусан, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ фирибгарлик жинояти ҳам бировга бирон марта обрў ёки бойлик келтирмаган. Чунки жиноят кўчасининг боши берк. Фирибгарликда устомон С.Хонназарова ва унинг билан жиноий тил бириктирган кимсаларнинг боши берк кўчадаги “ўйин”и алалоқибат уларнинг юзига қора чаплашдан нарига ўтмади.

Бошига тушган ташвишларда жабрланувчини муҳтарам газетхон асло оқламаса керак. Тўғри, самимийлик, соддалик, ишонувчанлик шарқона табиатимизга хос хислат. С.Юсупованинг соддалиги, кўнгилчанлигидан фирибгарлар фойдалангани рост. Лекин воқеаларнинг бу даражада чуқурлашишига соддалик ва ишонувчанликнинг ўзи назаримизда камлик қилади. Шиддатли кечаётган ҳаёт оқимидан ортда қолиш, иқтисодий ва ҳуқуқий билим, тартиб-таомиллардан бехабарлик жабрланувчини фирибгарлар тузоғига тушиб қолишига сабаб бўлганини ҳам унутмаслигимиз керак.

Манба: hudud24.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!