Рамазоннинг охирги кунини қандай ўтказиш керак?

Рамазоннинг охирги кунини қандай ўтказиш керак?

Мана, навбатдаги муборак Рамазон ойи ниҳоясига етиб бормоқди. Муборак ой тугаяпти, аммо бизнинг ушбу Рамазонга режалаштирган кўплаб хайрли ишлар бажарилмай қолди. Кейинги Рамазонгача яшаймизми ёки йўқми, Аллоҳга аён.

Мўмин киши учун Рамазоннинг тугаши бир вақтнинг ўзида қайғу ва қувонч билан боғлиқ. У бир томондан яқинлашиб келаётган Рўза ҳайитидан улкан қувончни ҳис қилса, бошқа тарафдан йилнинг энг яхши ойидан ажралаётганидан хафа бўлади.

Агар ойнинг охирига қадар яхши амалларингиз кўзингизга камроқ кўринса, ҳеч бўлмаганда Рамазоннинг охирги кунини фойда билан ўтказишга ҳаракат қилишингиз лозим. Бу кунда мўмин иложи борича кўпроқ ибодат қилиши керак. Шундай тариқа, у кетаётган ойнинг шарофатига кўпроқ эга бўлиш имкониятидан фойдаланиши мумкин.

Бу ойда Аллоҳ таоло бандаларига чексиз неъматларни юборади, улар орасида мағфират ва мамнуният бор. Агар мўмин чинакамига ҳаракат қилса, ҳеч бўлмаганда тарк этаётган Рамазонни охирги кунида Раббининг афв ва мағфиратига ноил бўлар, инша Аллоҳ. 

Рамазоннинг охирги кечасини ибодат билан ўтказиш жуда муҳимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ибодат билан жонлантирардилар ва бизни бу ишга ундаганлар, чунки ўша кечадаги ибодат учун катта мукофот ваъда қилинган.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг элчиси, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.

Бу имонли киши учун Раббининг розилигига эришиш учун ажойиб имкониятдир. Фурсатдан фойдаланиб, у ушбу кечада имкон қадар кўпроқ ибодат қилиб, эҳтиёжлари ва истакларини сўраб дуо қилиш мақбул амалдир.

Имом Нававий ўзининг "Ал-Мажмуъ шарҳул-муҳаззаб" китобида бу ҳақида қуйидагиларни ёзади:
"Бизнинг мазҳабимизнинг таниқли уламолари, ҳар икки кечада ҳам (Ийдул-Фитр ва Ийдул-Азҳо) ибодат қилиш, намоз ўқиш ва бошқа ибодатларни адо этишни тавсия этадилар.

Имом Шофеий ва Ибн Можа келтирган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

مَنْ قَامَ لَيْلَتَيْ الْعِيدَيْنِ مُحْتَسِبًا لِلَّهِ تَعَالَى لَمْ يَمُتْ قَلْبُهُ حِينَ تَمُوتُ الْقُلُوبُ

"Кимки Аллоҳ таолога чин дилдан савоб умидида икки ҳайит кечаларини ибодат билан бедор ўтказса, қалби ҳеч қачон ўлмагай".

Рамазоннинг охирги куни муборак ой билан видолашув куни, шунинг учун ҳар биримиз бу кунда кўп савобли ишларни қилишга ҳаракат қилишимиз ва вақтни беҳуда сарфламаслигимиз керак. Чунки акс ҳолда катта мукофотни қўлга киритиш имкониятини қўлдан бой берамиз. Эртаси куни бизда бундай имконият бўлмайди. 

Шунингдек, байрам оқшомига алоҳида эътибор беришга арзийди. Бу мусулмонлар учун улуғ кеча – қувонч ва ибодат кечаси. Рўза охирида барча мўминлар ўз оилалари билан хурсанд ва хушҳол бўлишлари керак. Бу кеча ва кейинги кунни буюк хурсандчилик, самимий завқ ва муборак ойдаги буюк ҳадялари учун Қодир Аллоҳдан миннатдорлик руҳида ўтказишимиз лозим.

Манба: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!