Озарбайжонда 2 киши коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилди

Озарбайжонда 2 киши коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилди

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳарида икки киши коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилди. Уларнинг бири Эрон фуқароси ҳисобланади. Бу ҳақда Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мажбурий тиббий суғурта давлат агентлиги маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».'

Маълум қилинишича, 24 февраль, душанба куни, шаҳар клиник тиббий марказининг юқумли касалликлар бўлимига икки киши ётқизилган. Уларнинг бири Озарбайжон, иккинчи эса Эрон фуқароси ҳисобланади.

Қайд этилишича, касалхонага ётқизилганларнинг иккаласи ҳам Эроннинг коронавирус тарқалмаган ҳудудидан Озарбайжонга келган. Улар мамлакатга кириш вақтида ҳеч ким билан мулоқот қилмаган, уларнинг тана ҳарорати меъёрдан бироз юқори бўлгани қайд этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, касалхонага ётқизилган иккала беморнинг ҳам тана ҳарорати меъёрида, уларнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммо йўқ, тиббий кузатув давом этмоқда.

Маълумот учун, Эронда COVID-19 инфекцияси тарқалиши оқибатида сўнгги маълумотларга кўра, 43 киши касалланган. Яна саккиз киши ушбу касаллик сабаб вафот этган. Шундай қилиб, Эрон коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича жаҳонда Хитойдан сўнг иккинчи мамлакатга айланди.

Арманистон ва Туркия ҳукумати Эрон билан чегараларни ёпишни ва авиақатновларни тўхтатишни маълум қилганАфғонистон ва Грузия Эрон билан авиақатновларни тўхтатган, Покистон эса худди Арманистон ва Туркия каби Эрон билан чегарани вақтинча ёпган.

Шунингдек, Афғонистонда коронавирус билан касалланишнинг илк ҳолати қайд этилди. Ҳиротда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси коронавирус сабаб ёпилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди.

Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси маълумотларига кўра, Хитойда коронавирус инфекциясидан вафот этганлар сони бир суткада 150 кишига кўпайиб, қурбонларнинг умумий сони 2592 кишига етди.  Касалликдан даволаниб, шифохонани тарк этганлар сони эса 24 734 кишига етган. Шунингдек, коронавирус билан қайта касалланиш ҳолати кузатилди. Бундан ташқари, хитойлик олимлар коронавирус касаллик аломатлари пайдо бўлишидан икки кун аввал юқиши мумкинлигини ҳам аниқлади.

Manba: daryo. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!