Топталаётган номус сизга тегишли эмасми?

Топталаётган номус сизга тегишли эмасми?

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган (балки атайлаб тарқатилаётган) баъзи видеолар, аянчли тасвирлар яшин тезлигида бутун интернет оламини «забт» этмоқда. Билган билмаган, ўзи учун бирор фойдаси бор ёки йўқлигига қарамасдан ҳамма шу видеони излаган, кўчириб олган, бир-бирига жўнатган.

...Тасвирда бир аёл шарм-ҳаёни унутиб кўпчилик олдида беибо сўзларни айтаётгани, кўзи тушган одамни ҳақорат билан «тишлаб отаётгани», хуллас бир кўришда истаган кишининг кайфиятини бузадиган ҳолат. Хўш, мана шуни тарқатиш, излаб топиб кўриш бизга нима беради? Ўша аёл баҳонасида, аёл зоти шаънига бир-биридан чиройли «таърифлар», «ҳамду санолар» айтилди. Кимдир унинг бу ҳолатини эркакшодалик деб, атаса, яна кимдир ҳаёт қийинчиликларига қарши исён деб, баҳолади. Тўғри, эл орасида шундайлар топилади. Қайси мамлакатда йўқ дейсиз, турфа феъл инсонлар, турфа хил иллатлар? Афсуски, ижтимоий тармоқларда ана шу орқали бутун дунё ўзбек аёлига баҳо бераётгандек туюлди менга.

Психологларнинг айтишича, инсоннинг хотирасида узоқ сақланадиган маълумотлардан энг кучлиси, бу ўз кўзи билан кўриб, хотирасига муҳрлангани экан. Айниқса, энди камолотга етаётган ёшларнинг қалбига таассурот, кўздан ўтиб онг остига чуқур жойлашади. Бир нарсанинг тасвирини ижтимоий тармоқларда айлантиришдан олдин, шу тасвир келтириб чиқарадиган оқибатларни нега ҳеч биримиз ўйлаб кўрмаяпмиз? Нега бир тарбиясиз аёл тасвири орқали бутун дунё аҳли, миллатимиз аёллари аҳволини кўз-кўз қилишдан ор қиламяпмиз? Ахир ўша аёлда уят, номус йўқ экан, унинг аҳволини видеога олиб тарқатаётган, бир-бирига улашаётганлар-чи, нима сизларда ҳам йўқми бу туйғулар? Ўша тарқалаётган тасвирларни эртага бошқа бир аёл, ўспирин қиз, миттигина, қақилдоқ қизалоқ такрорламайди, деб ким кафолат беради? Ахир, бу ўз синглимиз, қизимиз тарбиясига ҳам таъсирини ўткизиши мумкинлигини наҳотки ўйламаймиз?
Ўқувчилик давримда «Нодирабегим» бадиий фильмини кўрганман. Нодирабегимни эл аро бадном қилмоқчи бўлганлар сарой майдонида уни кўзи қонга тўлган аскарларнинг ўртасига ташлайди. Ечинтирмоқчи бўладилар. Тўсатдан эсган шамол шоираи давроннинг рўмолини сирғантириб елкасига туширади. Оломоннинг кўзи унинг ой жамолига тушади. Урҳо-ур қилиб келаётган тўда ичидан кимдир таниб «Эй, бу Нодирабегимку! Шоираи давронку!», дейди. Ҳамма ортга чекинади...

Мен фильмни неча марта кўрсам худди шу ерида йиғлар эдим. Фильм ижодкорларининг миллат тарбиясига қўшган улкан ҳиссаси шу тасвирларда яққол намоён бўлади. Аёлга ҳурмат, шоираи давронга эҳтиром шундай ифодаланади, азизларим. Ҳаёт қийинчиликларига, замона зуғмига «исён» дея, фильм ижодкорлари ўша хунук кўринишли аскарлар қиёфасидан бошқача фойдаланиши ҳам мумкин эди. Аммо, унда бу фильмни кўрган оддий бир қишлоқ қизида шоира бўлиш орзуси туғилмасди эҳтимол. Обрўли аёл бўлиш нияти пайдо бўлмас эди балки.
Японияда ер қимирлаганда қимматбаҳо буюмлар сотиладаган дўконлар ёнидан ўтаётган одамларнинг бирортаси ҳам сочилиб ётган жавоҳирларга тегмасдан, эҳтиёт бўлиб қараб кетаётганини кўрсатишди.

Кадр ортида «Энг оғир вазиятларда ҳам инсон бўлиб қол!» деган ёзувлар айланар эди. Бир тасвирда ўлиб қолган кучукча атрофидан кетолмай «Тур! Нега ётибсан? Ҳамма кетяпти» – дегандай уни ялаб, тумшуғи билан туртиб кетишга ундаётган, атрофида парвона бўлаётган итни кўрсатишди. Тасвир изоҳсиз эди. Мана, нафақат япон, балки инсониятни тарбиялаган тас­вирлар. Демак, ким нимани тасвирлаши билан ҳам қалбини нима билан тўлганини англатиши мумкин экан-да.
«Аёллар бузилиб кетди», «Чет элда ўзбек аёли фақат фоҳишалик билан шуғул­ланяпти», «Нима қилсин, очдан ўлсинми?» яна қанча-қанча «ёрлиқлар» ёпиштириляптики, буни ижтимоий тар­моқларда кўрганлар – ўзбек аёллари ҳа­қид­а фақат ёмон хаёлга боришлари аниқ.
Ўзбек аёллари ҳар тонг дуолар, шукроналар билан уйғоняпти. Ҳаёли ўзбек аёлининг фарзандлари мўъжизалар яратяпти. У ҳалол ва донишмандлиги, латофати, садоқатию меҳр-муҳаббати билан доим ардоқда.

Мени ажаблантираётгани ижтимоий тармоқларда айланаётган бу каби салбий кўринишларга чек қўядиган бирор бир жиддий муносабатни кўрмадим. На Қонунчилик палатаси депутатлари, на сиёсий партиялар лидерлари, на ҳуқуқ ҳимоячилари бир оғиз гапирдилар...
Гап миллат маънавияти, одоби, ахлоқи, тарбиясига салбий таъсир ҳақида борар экан, лоқайдлик қилмайлик. Бирлашайлик, керак бўлса, қонунда чора белгилайлик. Зеро, буни сўрашга, она сифатида, бир аёл ижодкор сифатида талаб қилишга ҳаққим бор деб, ўйлайман.

Зулфия МЎМИНОВА

Manba: od-press.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!