Тошкент туманларида 4 та йирик улгуржи савдо логистика марказлари қурилади

Тошкент туманларида 4 та йирик улгуржи савдо логистика марказлари қурилади

Шавкат Мирзиёев: Вилоятнинг хизматлар соҳасида тўлиқ ишга солинмаган яна бир йўналиши ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Бугунги кунда, Тошкент шаҳрига кунига 130 минг тонна юклар катта ҳажмли машиналарда кириб чиқади. Бу пойтахт кўчаларида тирбандлик, йўллар сифати ва ҳавонинг тозалигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу вилоятда логистика хизматларини кенг йўлга қўйиш учун катта имконият. Шу боис, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ ва Тошкент туманларида хусусий инвесторлар томонидан юкларни тақсимлайдиган 4 та йирик улгуржи савдо логистика марказлари қурилади.

200 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция ҳисобига Ўрта Чирчиқ туманидаги 150 гектар майдонда йирик саноат парки ва логистика маркази барпо этилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва етказиб бериш учун 60 минг тонна қувватга эга 2 та йирик агрологистика мажмуаси қурилади. Булар орқали вилоятда ишлаб чиқариладиган саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҳам кафолатланган бозор таъминланади.

Шунингдек, вилоят ҳудудидан ўтувчи барча халқаро автомобиль йўллари атрофида, хорижий лойиҳачиларни жалб этган ҳолда, Йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш дастури амалга оширилади. Бу орқали келгуси беш йилда камида 3 мингта лойиҳа амалга оширилади. Энг муҳими, ушбу дастур доирасида ер майдонлари эмас, тайёр лойиҳалар очиқ аукционга чиқарилади.

Бошқа йўналишларда ҳам, Тожикистон билан чегарадош Бекобод туманида савдо зонаси, Қозоғистон билан чегарадош Чиноз туманида эркин саноат зонаси ва Қибрай туманида қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдоси зонаси ташкил этилади. Умуман, вилоятда хизматларнинг бошқа соҳаларида қиймати 7 триллион сўм бўлган лойиҳалар амалга оширилиб, 50 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!